Ўзбекистон ва Буюк Британия солиқ хизматлари соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар
Сентябрь 29, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 29
ЛОНДОН, 29 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Жаҳонгир Абдиев бошчилигидаги делегация Буюк Британиянинг Даромадлар ва божхона хизмати (HM Revenue and Customs, HMRC) раҳбарияти билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда британ томонига Ўзбекистонда солиқ маъмуриятчилигини рақамли трансформация қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар натижалари, солиқ органлари фаолиятида сунъий интеллектни қўллаш, шунингдек, 2030 йилгача солиқ маъмуриятчилигини ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
Британлик ҳамкасбларда Ўзбекистоннинг электрон ҳисобварақ-фактураларга тўлиқ ўтиш ва улар асосида шаклланадиган маълумотлардан солиқ маъмуриятчилигида фойдаланиш тажрибаси катта қизиқиш уйғотди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон делегацияси Британия солиқ хизматининг тараққиёт стратегияси, солиқ хавфларини бошқариш ёндашувлари, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) маъмуриятчилиги, шунингдек, солиқ тўловчиларга, жумладан, йирик солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш тартиби билан яқиндан танишди.
Учрашув якунида томонлар солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, йирик солиқ тўловчилар билан ҳамкорлик қилиш, солиқ хавфларини бошқариш, ҚҚС маъмуриятчилиги, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни қўллаш ҳамда мутахассислар малакасини ошириш каби йўналишларда алоқаларни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар.
Бундан ташқари, томонлар кўп томонлама солиқ соҳасидаги ҳамкорлик, жумладан, иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) Солиқ мақсадларида шаффофлик ва ахборот алмашинув глобал форуми, BEPS режасини амалга ошириш, шунингдек, Халқаро солиқ маъмуриятлари ассоциацияси (IOTA) доирасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси