Ўзбекистон делегацияси Беларусда автомеханикларни тайёрлаш тажрибасини ўрганди

Май 17, 2026. 16:00 • 2 дақ

49
Ўзбекистон делегацияси Беларусда автомеханикларни тайёрлаш тажрибасини ўрганди
Ўзбекистон делегацияси Беларусда автомеханикларни тайёрлаш тажрибасини ўрганди
Ўзбекистон делегацияси Беларусда автомеханикларни тайёрлаш тажрибасини ўрганди

МИНСК, 17 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистонлик бир гуруҳ мутахассис ва педагог ходимлардан иборат делегация малака ошириш, техник ходимларни қайта тайёрлаш ҳамда замонавий таълим методикаларини амалиётга жорий этиш мақсадида Минск давлат автомеханика коллежи (МДАК)га ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири.

Ушбу ўқув ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг транспорт ва техник йўналишдаги учта етакчи таълим муассасаси – Тошкентдаги Турин политехника университети қошидаги академик лицей, Шайхонтоҳур транспорт ҳамда Тошкент транспорт техникумлари вакиллари қатнашди.

Сафар давомида делегация МДАК мутахассислари томонидан тайёрланган ўқув-амалий дастурда иштирок этди. Дастур доирасида Беларус ўрта махсус таълим тизимида техник фанларни ўқитишнинг замонавий усулларига бағишланган танишув маърузалари ва семинарлар ўтказилди. Шунингдек, коллежнинг ўқув-ишлаб чиқариш устахоналарида амалий машғулотлар ташкил этилиб, иштирокчилар замонавий диагностика ускуналарида ишлаш, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш технологиялари билан яқиндан танишди.

Шунингдек ўқинг

Иштирокчилар электротехника, автомобиль двигателлари ҳамда транспорт воситаларининг тузилиши ва эксплуатациясига оид махсус лаборатория ва аудиториялар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, МДАКнинг етакчи ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш усталари томонидан инновацион педагогик технологияларни амалиётда қўллаш бўйича мастер-класслар ҳам ўтказилди.

Ўзбекистон таълим муассасалари вакиллари фикрича, икки давлатнинг етакчи ўқув юртлари ўртасида тўғридан-тўғри касбий ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши педагогик тажриба алмашиш, таълим дастурларини такомиллаштириш ҳамда транспорт ва автомеханика соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифатини янада ошириш учун кенг имконият яратади.

Ўз навбатида, Минск давлат автомеханика коллежи маъмурияти Ўзбекистон делегациясининг тадбирларда фаол иштирок этгани учун самимий миннатдорлик изҳор этиб, икки давлат касбий таълим тизимини ривожлантириш йўлида ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига умид билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш