Япониянинг машҳур телелойиҳаси Ўзбекистон ҳақида дастур тайёрламоқда

Май 18, 2026. 16:55 • 3 дақ

39
Япониянинг машҳур телелойиҳаси Ўзбекистон ҳақида дастур тайёрламоқда
Япониянинг машҳур телелойиҳаси Ўзбекистон ҳақида дастур тайёрламоқда
Япониянинг машҳур телелойиҳаси Ўзбекистон ҳақида дастур тайёрламоқда
Япониянинг машҳур телелойиҳаси Ўзбекистон ҳақида дастур тайёрламоқда

ТОКИО, 18 май. /“Дунё” АА/. Япония миллий телерадиокомпанияси – NHKнинг “Жаҳон бўйлаб поездда саёҳат” дастури ижодий гуруҳи Ўзбекистонга ташриф буюриб, кўрсатув лавҳаларини суратга олди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу ижодий сафар мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этилди.

“Жаҳон бўйлаб поездда саёҳат” дастури (The Global Train Journey) Евроосиё қитъаси бўйлаб темир йўл саёҳатига бағишланган йирик ҳужжатли телелойиҳа бўлиб, унда табиат, халқлар, тарих, маданият ва гастрономия темир йўл саёҳати форматида ёритилади.

Лойиҳада япон актёри ва саёҳатчи Такуя Накаяма турли мамлакатлар бўйлаб поездда саёҳат қилиб, маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилади ҳамда уларнинг ҳаёт тарзи, қадриятлари ва анъаналарини ўрганади. Дастурнинг ҳар бир сони ўртача 1 миллионга яқин томошабин томонидан кузатиб борилади.

Телелойиҳа 2025 йилдан намойиш этила бошланган бўлиб, ҳозирга қадар Сингапурдан Хитойнинг ғарбий қисмигача бўлган йўналишларда, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари бўйлаб суратга олинган 28 та қисм эфирга узатилган. Ҳар бир қисм ўртача 30 дақиқадан иборат бўлиб, кўрсатув Япония томошабинлари орасида катта қизиқиш уйғотган.

2026 йилги янги мавсум Марказий Осиё, Кавказ ва Туркия йўналишларига бағишланади. Марказий Осиё цикли доирасида Қозоғистон–Ўзбекистон–Қозоғистон темир йўл йўналиши бўйича 5 та махсус қисм тайёрланиши режалаштирилган.

Шунингдек ўқинг

Ҳозирги кунда ижодий жамоа Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Нукус шаҳарларида тасвирга олиш ишларини амалга оширмоқда. Дастур доирасида мамлакатимиз темир йўл инфратузилмаси, “Афросиёб” юқори тезликдаги поезди, “Шарқ” поезди, Тошкент метрополитени, тарихий обидалар, миллий бозорлар, шаҳар манзаралари ҳамда маҳаллий аҳолининг кундалик ҳаёти кенг ёритилмоқда.

Лойиҳа доирасида Тошкент метрополитени ва темир йўл тизими тарихи, Самарқанднинг “Кўк шаҳар” сифатидаги меъморий қиёфаси, Бухоронинг қадимий маҳалла муҳити ва ҳунармандчилиги, шунингдек, Қорақалпоғистоннинг ўзига хос табиати ва маданий ҳаётига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Телелойиҳа юқори сифатли 4K форматда суратга олинмоқда бўлиб, поездлар ҳаракати, шаҳар манзаралари ва табиатни кенг кўламда акс эттириш учун дрон тасвирларидан ҳам фаол фойдаланилмоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади – Буюк Ипак йўли бўйлаб темир йўл саёҳати орқали Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданий мероси, меъморчилиги, миллий анъаналари ва замонавий ҳаёти ҳақида ҳужжатли теледастур тайёрлашдан иборат.

Ушбу телелойиҳа Япония жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, мамлакатнинг ижобий халқаро имижини мустаҳкамлаш ҳамда япон сайёҳлари оқимини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш