Покистон трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистон бозори салоҳиятини ўрганмоқда
Май 17, 2026. 15:00 • 3 дақ
• 67ТОШКЕНТ, 17 май. /“Дунё” АА/. Покистон Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси делегацияси аъзолари Ўзбекистонга бизнес-миссияси доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Покистон томонига Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Хусусан, мамлакатимизда амал қилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари, эркин иқтисодий зоналардаги енгилликлар, замонавий инфратузилма ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмлари ҳақида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ва экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Покистон вакиллари Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги стратегик ўрни, иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатлари ва ишбилармонлик муҳитининг тобора яхшиланиб бораётганини юқори баҳолади. Икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар ва сиёсий мулоқотнинг фаоллашуви савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққанини таъкидланди.
Покистонлик тадбиркорлар, айниқса, тўқимачилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар. Қайд этилганидек, Ўзбекистон пахта хомашёси, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш борасида катта салоҳиятга эга бўлиб, бу икки мамлакат тадбиркорлари учун ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.
Музокараларда транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги транспорт йўлакларини ривожлантириш, юк ташиш жараёнларини соддалаштириш ҳамда экспорт-импорт операциялари самарадорлигини ошириш масалаларини кўриб чиқилди.
Шунингдек, ишбилармон доиралар вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтириш, қўшма бизнес-форумлар ва саноат кўргазмаларини ташкил этишга доир таклифлар илгари сурилди. Мазкур ташаббуслар икки давлат ишбилармонлари ўртасида узоқ муддатли ва барқарор шериклик муносабатларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши урғуланди.
Музокаралар якунида ўзаро савдо ҳажмини ошириш, инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва режалаштирилган лойиҳаларни амалий босқичга ўтказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Покистон Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи мамлакатимизнинг Покистондаги элчихонаси томонидан ташкил этилди. Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, янги инвестициявий ташаббусларни амалга ошириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш йўлида муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







