Ўзбекистонда Қозоғистон билан ҳамкорликда венчур фонди ташкил этилади
Апрель 17, 2026. 11:25 • 2 дақ
• 138
ОСТОНА, 17 апрель. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг “the-tech.kz” ахборот нашрида Ўзбекистонда қозоғистонлик инвесторлар иштирокида қўшма венчур фонди ташкил этилиши ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, бу келишув 2026 йил 11 апрелда Ўзбекистон етакчисининг таклифига биноан Қозоғистон Президентининг амалий ташрифи доирасида имзоланган.
Мазкур ҳужжат Бухоро шаҳрида “IT Park Ventures” ва “White Hill Capital” ўртасида тузилган. Томонлар умумий ҳажми 2 миллион долларгача бўлган қўшма инвестиция венчур фонди (венчур фонд – ҳали тўлиқ шаклланмаган, лекин катта имконият ва истиқболга эга лойиҳаларга пул ажратадиган жамғарма) ташкил этишга келишиб олди.
Ушбу фонд Ўзбекистон, Қозоғистон ва бутун Марказий Евроосиё минтақасида венчур ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда. У истиқболли технологик компанияларни қўллаб-қувватлаш, сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш ва янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Жамғарма асосан Марказий Евроосиё стартапларига, халқаро бозорга чиқишни мақсад қилган маҳаллий асосчиларга ва технологиялар трансферига қаратилган лойиҳаларга эътибор қаратади. Шунингдек, у янги бозорларга чиқиш, истеъдодларни ривожлантириш ва сармоявий алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Амалда бу жамғарма узоқ муддатли сармояларни жалб қилиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш ва халқаро тажрибани олиб киришга хизмат қилиши кутилмоқда. Бу эса минтақада стартаплар учун янада қулай муҳит яратиб, уларнинг ўсишига туртки беради.
Шу билан бирга, жамғарма таъсисчилар учун молия топиш, янги ҳамкорлар билан ишлаш ва бизнесни кенгайтириш имкониятларини оширади. У Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг инновация ва венчур соҳасидаги ролини янада мустаҳкамлайди.
Умуман олганда, ушбу ташаббус Марказий Евроосиёда замонавий, барқарор ва инвесторлар учун жозибадор венчур экотизимни шакллантиришга қаратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси