Logo

Андижон 2026 йилда “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилинди

Апрель 17, 2026. 12:08 • 3 дақ

72
Андижон 2026 йилда “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилинди
Андижон 2026 йилда “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилинди
Андижон 2026 йилда “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилинди
Андижон 2026 йилда “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилинди

АНҚАРА, 17 апрель. /“Дунё” АА/. 2026 йилда Андижон шаҳрининг “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилиниши нафақат Ўзбекистон, балки бутун туркий олам учун муҳим маданий воқеа сифатида намоён бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу нуфузли мақом доирасида Анқара шаҳрида ўтказилган Андижон маданияти тақдимоти ўзбекона маданий дипломатиянинг ёрқин намунаси бўлди.

Тадбир ТУРКСОЙ Бош котибияти, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамда юртимизнинг Туркиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда туркий дунё вакиллари, сиёсатчилар, маданият ва санъат арбоблари, дипломатик корпус ва оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Маросим аввалида намойиш этилган видеороликларда Андижоннинг бой тарихи, миллий маданиятимиз ривожидаги ўрни ва сўнгги йиллардаги ижобий ўзгаришлар ёритилди. Хусусан, ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, туризм ва маданий ҳаётнинг жадал ривожланиши алоҳида таъкидланди. Бу жараёнлар Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган давлат сиёсати билан узвий боғлиқ экани қайд этилди.

Тадбир давомида “Андижон – 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти” логотипи тақдим этилди. Иштирокчилар мазкур мақомнинг мазмун-моҳияти, унинг туркий халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Хусусан, ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев Андижон нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг йирик маданий марказларидан бири эканини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, Андижонда саноат, тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалиги каби кўплаб соҳалар қаторида маданият ва санъат соҳасида ҳам улкан ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Ўз навбатида, Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой Андижонни илм-фан, санъат ва давлатчилик анъаналари мужассамлашган қадимий диёр сифатида таърифлади. У, айниқса, шаҳарнинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк тарихий шахслар ватани эканини алоҳида қайд этиб, бу заминнинг жаҳон тарихидаги ўрни беқиёс эканини эътироф этди.

Тадбирда сўз олган маҳаллий вакиллар ҳам Андижоннинг ушбу мақомга муносиб эканини, бу эса вилоят аҳли учун катта ғурур ва масъулият юклаши ҳақида фикр билдирди. “Маданият пойтахти” лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган тадбирлар орқали нафақат Андижон, балки бутун Ўзбекистоннинг бой анъана ва қадриятлари жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиниши кутилмоқда.

Маросимнинг амалий қисми ҳам жуда мазмунли бўлди. Ташриф буюрган меҳмонлар учун Андижоннинг амалий санъати ва маданий меросини акс эттирувчи кўргазма ташкил этилди. Унда каштачилик, мисгарлик, пичоқсозлик ва кулолчилик намунасидаги буюмлар намойиш этилди. Бу экспозициялар Андижон ҳунармандчилигининг бой анъаналари ва юқори бадиий савиясини яққол намоён қилди.

Шунингдек, тадбир концерт дастури билан давом этди. Андижонлик санъаткорлар ижросидаги миллий қўшиқ ва рақслар иштирокчиларга унутилмас таассурот бағишлади. Миллий анъаналарга мувофиқ меҳмонларга ўзбекона меҳмондўстлик рамзи сифатида палов тортиқ қилиниши эса тадбирга янада кўтаринки руҳ бахш этди.

Умуман олганда, Анқарада ташкил этилган мазкур маданий тадбир Андижоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш, туркий дунё халқлари ўртасидаги маданий ҳамжиҳатликни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди. Бу каби ташаббуслар нафақат маданий алоқаларни ривожлантиради, балки умумий тарих, қадрият ва анъаналарни асраб-авайлаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш