Ўзбекистон ва Ўмон парламентлари ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди
Апрель 17, 2026. 10:12 • 2 дақ
• 142МАСКАТ, 17 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Ўмон Давлат кенгаши вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Учрашув Ўзбекистон элчихонаси кўмагида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон томонидан Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси, Ўмон билан ҳамкорлик бўйича дўстлик гуруҳи раҳбари Эркин Гадоев иштирок этди. Ўмон томонидан эса Давлат кенгаши раисининг ўринбосари шайх Ҳилол бин Али бин Зоҳир ал-Ҳинаи қатнашди.
Музокаралар давомида томонлар икки давлат ўртасидаги муносабатлар барқарор ривожланиб бораётганини таъкидлади. Сўнгги йилларда расмий делегациялар, вазирлар ва идора раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Суҳбат жараёнида парламентлар ўртасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Ўзбекистон Сенатида фаолият юритаётган дўстлик гуруҳининг аҳамияти таъкидланди. Шу билан бирга, Ўмон парламентида ҳам шунга ўхшаш гуруҳ тузиш имкониятлари муҳокама қилинди. Бу эса икки мамлакат қонун чиқарувчилари ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйишга ёрдам беради.
Учрашув якунида томонлар парламентлар юқори палаталари раҳбарларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Шунингдек, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш ва мавжуд ҳамкорлик имкониятларидан янада самарали фойдаланишга тайёр эканини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


