Logo

Ўзбекистонда топилган қадимий шаҳар Ипак йўли ҳақидаги тасаввурларни ўзгартириб юбориши мумкин

Март 10, 2026. 11:41 • 2 дақ

78
Ўзбекистонда топилган қадимий шаҳар Ипак йўли ҳақидаги тасаввурларни ўзгартириб юбориши мумкин

МАДРИД, 10 март. /“Дунё” АА/. Испаниянинг машҳур “OkDiario” янгиликлар порталида “Археологларнинг кутилмаган кашфиёти: Ўзбекистонда Ипак йўлининг афсонавий шаҳри топилди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, археологлар Марказий Осиёнинг баланд тоғли ҳудудларида илгари манзили номаълум бўлган афсонавий Марсманда шаҳрини топган бўлиши мумкин. Узоқ вақт давомида тарихий манбаларда йирик иқтисодий ва металлургия маркази сифатида тилга олинган бу шаҳарнинг аниқ жойлашуви шу кунгача сир бўлиб келаётган эди.

Ушбу топилма замонавий технологиялар — дронлар ва Лидар (LiDAR) лазер сканерлаш тизими ёрдамида амалга оширилди. Ер остидаги яширин тузилмаларни масофадан туриб аниқлаш имконияти археологларга шаҳарнинг мукаммал планировкасини тиклашга ёрдам берди. Тадқиқотлар натижасида мустаҳкамланган деворлар, турар жой мавзелари ва йирик ишлаб чиқариш зоналари аниқланди. Бу эса Марсманда Шарқ ва Ғарбни боғловчи стратегик аҳамиятга эга бўлган саноат хаби бўлганини тасдиқлайди.

Читайте также

Археологларнинг фикрича, Марсманданинг топилиши Буюк Ипак йўлининг иқтисодий ва шаҳарсозлик тизимини янгидан ўрганишга имкон беради. Айниқса, баланд тоғли ҳудудларда бундай йирик урбанизация жараёнининг мавжуд бўлгани фан олами учун кутилмаган янгилик бўлди. Бу кашфиёт Ўзбекистоннинг қадимги даврларда нафақат савдо, балки юксак технологиялар ва металл ишлаб чиқариш маркази бўлганини исботлайди.

Испания нашрининг ёзишича, Марсманданинг қайта кашф этилиши тарихий хариталарни қайта кўриб чиқиш ва ўрта асрлардаги Марказий Осиё саноат марказлари ҳақидаги тасаввурларни аниқлаштириш учун янги истиқболлар очади. Эндиликда археологлар шаҳарнинг аниқ идентичностини тасдиқлаш учун кенг кўламли ер усти қазиш ишларини бошлашни режалаштирмоқдалар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш