Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари “Tаshkent Pharma Park” фаолияти билан танишишди
Январ 24, 2026. 15:10 • 2 дақ
• 99ТОШКЕНТ, 24 январь. /“Дунё” АА/. Кеча Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг “Tаshkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерига ташрифи бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Tаshkent Pharma Park” ахборотига кўра, ташриф доирасида дипломатик корпус вакилларини Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов фармацевтика соҳасига бағишланган батафсил тақдимот билан кутиб олди. Тақдимотда сўнгги йилларда мамлакатимизда фармацевтика тармоғини ривожлантириш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар, қабул қилинган муҳим қарорлар, яратилган қулай инвестицион муҳит ҳамда эришилган амалий натижалар атрофлича ёритиб берилди.
Мулоқот жараёнида дипломатик корпус вакиллари Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фармацевтика саноати ўртасида мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйишда муҳим кўприк вазифасини бажаришларини, соҳани барқарор ривожлантириш учун доимий ва тизимли ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Ўз навбатида, Агентлик директори дипломатик ваколатхоналар раҳбарларидан ўз фаолиятлари давомида мамлакатимиз фармацевтика соҳасининг имкониятлари, мавжуд салоҳияти ва амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг тарғибот олиб бориш, хорижий инвесторлар ва ҳамкор ташкилотларнинг қизиқишини янада оширишга кўмаклашишни сўради. Шунингдек, томонлар ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, қатор хорижий давлатларда таълим ва ишлаб чиқариш соҳаларида манфаатдор ташкилотлар ўртасида учрашувлар ташкил этиш бўйича келишувларга эришдилар.
“Мазкур ташриф Ўзбекистон фармацевтика саноатининг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, ташқи ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда “Tаshkent Pharma Park” кластерининг инвестицион ва илмий салоҳиятини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади”,- дея таъкидланмоқда ташкилот матбуот хизмати маълумотида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси





