Logo

Ўзбекистон ва Чехия электротехника соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиради

Январ 17, 2026. 12:45 • 2 дақ

219
Ўзбекистон ва Чехия электротехника соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиради

ПРАГА, 18 январь. /“Дунё” АА/. Прага шаҳрида Чехия электротехника ва электрон саноати ассоциацияси раҳбари Ян Прокс билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда электроника, электротехника, автоматлаштириш, энергетика ва саноатнинг турдош тармоқларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашувда Чехия томонига Ўзбекистонда 2016 йилдан буён амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, ишлаб чиқариш, молиявий операциялар ва экспорт жараёнларини ташкил этишдаги имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, электроника ва электротехника тармоқларида саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги қайд этилди.

Ўз навбатида, ассоциация раҳбари электроника, электротехника ва муҳандислик технологияларини халқаро саноат ҳамкорлиги учун истиқболли соҳалар сифатида баҳолаб, Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди. Чехия компанияларининг саноатни автоматлаштириш, “Industry 4.0” ечимлари, сунъий интеллект, мехатроника, шунингдек, энергетика ва тоғ-кон саноати учун юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасидаги тажрибаси ва салоҳияти тақдим қилинди.

Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон барқарор иқтисодий муҳитни ҳамкорлик учун жозибадор шарт-шароитлар, жумладан, Марказий Осиё ва Евроосиё бозорларига чиқиш имкониятлари ҳамда Европа Иттифоқининг GSP+ тизими афзалликлари билан уйғунлаштираётганини таъкидладилар.

Учрашув якунида икки мамлакат ўртасида электротехника ва электроника соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро кўргазмалар доирасида ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш ва тажриба алмашиш юзасидан келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш