Япония савдо тармоғи Ўзбекистон маҳсулотларига қизиқиш билдирди

Октябрь 22, 2026. 09:00 • 2 дақ

• 39
Япония савдо тармоғи Ўзбекистон маҳсулотларига қизиқиш билдирди
Япония савдо тармоғи Ўзбекистон маҳсулотларига қизиқиш билдирди

ТОКИО, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Япониянинг “FamilyMart Co., Ltd.” компанияси ижрочи директори Нана Шимада билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ўзбек маҳсулотларини Япония бозорига етказиб беришни кўпайтириш ва янги ҳамкорлик йўналишларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда япон томони жорий йил сентябрь–октябрь ойларида ўтказилган XX Осиё ўйинлари давомида ўзбекистонлик спортчиларнинг “FamilyMart” логотипи туширилган маҳсулотлардан фойдаланганига алоҳида эътибор қаратди.

Бу ҳақдаги маълумотларнинг Япония ижтимоий тармоқларида кенг тарқалиши ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши компания брендининг танилишига хизмат қилди. Нана Шимада ўзбек спортчиларига бўлган эътибор компаниянинг Ўзбекистонга қизиқишини ҳам оширганини таъкидлади.

Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири – ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари ва пахта толасини Япония бозорига етказиб беришни кенгайтиришдир. Ҳозирнинг ўзида Ўзбекистон пахта толаси “FamilyMart”нинг “Convenience Wear” кийимлар тўпламида қўлланилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Компания дўконларида сотиладиган айрим тўқимачилик маҳсулотлари, жумладан, “Imabari Towel” бренди остидаги сочиқларни ишлаб чиқаришда ҳам Ўзбекистондан етказиб бериладиган материаллардан фойдаланилади.

Нана Шимаданинг таъкидлашича, компания ўзбек пахтасининг сифатига юқори баҳо беради ва уни маҳсулотлар ишлаб чиқаришда қўллаш кўламини янада кенгайтириш имкониятларини ўрганишдан манфаатдор. У Ўзбекистоннинг гўзаллиги ва маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларининг ўзига хослигини эътироф этиб, мамлакатимизга ташриф буюриш истагини билдирди.

Учрашув якунида томонлар ўзбек тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотларини Япония бозорига етказиб беришни кўпайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш