Нью-Йорклик ўзбек ўқувчи "Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли" китоби ҳақида сўзлади
Ноябрь 13, 2025. 07:46 • 2 дақ
• 1011
НЬЮ-ЙОРК, 13 ноябрь. /"Дунё" АА/. Таниқли сиёсатшунос, сенатор, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов муаллифлигидаги "Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли" китобини АҚШ жамоатчилиги катта қизиқиш билан қарши олди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Аввалроқ, китоб БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартираси ва Вашингтондаги АҚШ Конгресси биносида тақдим этилган эди. Айни пайтда ҳам кўплаб илм-фан ва маданият масканларида тақдимоти қилинаётган ушбу асар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳот ва ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилади. Китоб каттаю кичиклар томонидан катта қизиқиш билан мутолаа қилиниб, халқаро миқёсда кенг эътирофга сазовор бўлмоқда.
Мамлакатимизнинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан ўтказилган ушбу китобнинг халқаро тақдимоти ҳам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Унда Нью-Йоркда таҳсил олаётган ўзбек ўқувчиси Жаҳонгир Аматжонов ёш иштирокчи сифатида қатнашди.
Жаҳонгир ҳамюртимиз, Нью-Йоркдаги Ўзбекистон миллий спорт тури халқаро федерацияси президенти Фаррух Ниязимбетовнинг ўғли бўлади. Айни пайтда "John Dewey High School" мактабининг 10-синфида таҳсил олаётган Жаҳонгир Аматжонов тадбирда "Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли" китоби ҳақида ўз таассуротларини сўзлаб берди.
"Бу китобни ўқимаганимча, мен етакчи қандай қилиб бутун бир халқнинг тақдирини ўзгартириши мумкинлиги ҳақида ўйламаганман. Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаолият тарихи менга кучли ирода, узоқни кўра билиш ва ўз халқига бўлган муҳаббат туйғуларини улашди. Давлат раҳбарининг мамлакатни қайта тиклаш ва жаҳон ҳамжамиятда муносиб ўрин олиши учун қилган ҳаракатлари менинг ҳам Ватанга муносиб фарзанд бўлишимга катта мотивация берди", дейди у.
Шунингдек, Жаҳонгир мактабда инглиз тили дарсида ушбу асарнинг мазмун-моҳияти тўғрисида сўзлаб бергани, ундан синфдошлари Ўзбекистон ҳақида турли саволлар бергани, интернет орқали мамлакатимиз ҳақидаги материаллар билан яқиндан танишгани ҳақида ҳикоя қилди.
Ҳақиқатдан, ушбу асардаги иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслар ёш китобхонларнинг ҳам эътиборини тортади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси