Россияда мураккаб вазиятга тушган оила Ўзбекистонга қайтарилди
Апрель 01, 2026. 16:46 • 2 дақ
• 63
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 1 апрель. /“Дунё” АА/. Санкт-Петербург шаҳрида яшаб келаётган Ўзбекистон фуқароси Р.З. ва унинг уч нафар вояга етмаган фарзандининг мураккаб вазияти ижобий ҳал этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Аниқланишича, ҳамюртимиз Р.З. 2020 йилда ишлаш учун Санкт-Петербургга келган. 2020–2025 йиллар оралиғида у уч бор фарзандли бўлган. Бироқ, мураккаб ҳаётий вазият туфайли болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари ўз вақтида расмийлаштирилмаган. Шу сабабли, болаларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган. Бу эса, ўз навбатида, уларни вақтинча давлат идоралари қармоғига олиш ва вояга етмаганлар учун ихтисослаштирилган муассасага юборишга сабаб бўлган.
Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида дипломатлар вазиятга зудлик билан аниқлик киритиб, ҳамюртларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Ватандошларимиз иши Санкт-Петербургнинг Василеостровский туман судида кўриб чиқилди. Суд жараёнида Бош консулхона ходимлари томонидан болаларнинг шахсини ва қариндошлик алоқаларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиб, тегишли идоралар билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Судда юртдошимиз манфаатлари ҳимоя қилиниб, болаларни оила муҳитига қайтариш зарурлиги асослаб берилди.
Судда ижобий қарор қабул қилганидан сўнг, она ва унинг фарзандлари Ўзбекистонга қайтарилди. Ушбу ҳолат хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда дипломатик ваколатхоналарнинг ўрни беқиёс эканини яна бир бор намоён этди.
Шу билан бирга, ватандошларга ўз вақтида фуқаролик ҳолати далолатномаларини расмийлаштириш, хусусан, туғилганлик тўғрисидаги ҳужжатларни ўз вақтида рўйхатдан ўтказиш масалаларига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси