Вашингтон марказидаги Пенсильвания авенюда илк ўзбек миллий таомлари ресторани очилди
Август 19, 2026. 13:00 • 3 дақ
• 31ВАШИНГТОН, 19 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан АҚШ пойтахтида ўзбек миллий таомлари ресторанининг тантанали очилиш маросими ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Янги муассаса Вашингтоннинг энг нуфузли ва машҳур марказий кўчаларидан бири – Пенсильвания авенюда жойлашган. Тадбир Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги байрамига бағишланди.
Тантанали маросимда кўплаб меҳмонлар, жумладан, Оқ уй, Давлат департаменти, Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси, Савдо офиси, АҚШ Конгресси, таҳлил марказлари, ОАВ ва ишбилармон доиралар вакиллари, шунингдек, Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларининг дипломатлари иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқов мамлакат раҳбарияти томонидан хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Бу каби рестораннинг очилиши АҚШ бозорида ўзбек бизнесининг иштироки ортиб бораётганига ёрқин мисол бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги савдо-инвестициявий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашувда АҚШ пойтахтида ўзбек ресторанининг очилиши Ўзбекистоннинг Америкадаги иқтисодий ва маданий иштироки кенгаяётганидан далолат бериши эътироф этилди. Бундай масканлар икки мамлакат ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаб, кенг Америка жамоатчилигига Ўзбекистон, унинг бой маданияти, урф-одатлари ва меҳмондўстлиги билан яқиндан танишиш имконини беради.
Тадбирда қатнашган таълим ва академик доиралар вакиллари ўзбек-америка муносабатларида маданий дипломатиянинг роли ортиб бораётганини урғулади. Миллий таомлар ва пазандачилик анъаналари Ўзбекистоннинг самарали туризм йўналишларидан бири бўлиб, Америка жамиятида мамлакатимизга бўлган қизиқишни оширишда муҳим роль ўйнайди.
Америкалик экспертлар мамлакатимиз гўзаллиги, халқимиз меҳмондўстлиги ва тарихий қадамжолари уларда катта таассурот қолдирганини билдирди. Миллий таомлар билан танишиш тадбирнинг энг эсда қоларли қисмларидан бирига айланди. Энг муҳими, ватандошлар бу ўзбек ресторанига келиб, АҚШ пойтахтида “Ўзбекистоннинг бир парчасини ҳис қилиш” имкониятига эга бўлади.
Мулоқот давомида ишбилармон доиралар вакиллари ўзбек миллий таомлари Қўшма Штатларда тобора оммалашиб бораётганини таъкидлади. Уларнинг фикрича, пазандачилик анъаналари, меҳмондўстлик маданияти ва америкаликларнинг Ўзбекистонга ортаётган қизиқиши АҚШ бозорида ўзбек ресторанлари ва миллий брендларининг иштирокини янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги элчихонаси томонидан ўзбекистонлик ишбилармонларга АҚШда ўзбек миллий брендлари ва умумий овқатланиш масканларини кенгайтиришга яқиндан кўмаклашиш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бу каби фаолият юртимизнинг халқаро имижини мустаҳкамлаш, туристик ва маданий меросини оммалаштириш ҳамда Америка жамоатчилигининг мамлакатимизга ташриф буюришга бўлган қизиқишини янада оширади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




