Жакартанинг энг гавжум жойларида Ўзбекистон туризм салоҳияти намойиш қилинди
Январ 14, 2026. 16:17 • 2 дақ
• 86ЖАКАРТА, 14 январь. /“Дунё” АА/. Индонезия пойтахтида Ўзбекистоннинг туристик, маданий ва маънавий салоҳиятини тарғиб этишга қаратилган кенг қамровли лойиҳанинг биринчи босқичи ишга туширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Жакартанинг энг йирик жамоат ва бизнес ҳудудларида жойлашган замонавий LED экранларда “Visit Uzbekistan – Homeland of Imam Bukhari” ягона бренди остида тайёрланган видеоролик намойиш қилинди.
Ушбу видеороликда Ўзбекистоннинг бетакрор табиий ва тарихий манзаралари, ноёб меъморий ансамбллари, замонавий иншоотлар ва туризм инфратузилмалари ифодаланган. Видеороликда ислом оламидаги буюк олим Имом Бухорийнинг илмий мероси, Самарқанднинг ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатидаги ўрни, мамлакатнинг тарихий-маданий ва зиёрат туризми салоҳияти ўз ифодасини топган.
LED экранларда видеоконтент жойлаштирилиши маданий-маърифий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши ҳамда Ўзбекистонни жаҳон миқёсида исломий илм-фан ва маънавият маркази сифатида намоён этишга қаратилган. Ушбу лойиҳа дунёдаги энг йирик мусулмон давлати ҳисобланган Индонезия бозорида Ўзбекистоннинг ижобий ва барқарор образини шакллантиришга хизмат қилади.
Айни пайтда Индонезия аҳолиси 285 миллиондан ошиқ бўлиб, ҳар йили 1,8 миллиондан зиёд фуқаролари Умра зиёратини амалга оширади. Бу эса мазкур мамлакатни зиёрат туризмини ривожлантириш учун стратегик аҳамиятга эга бозорга айлантиради.
Шу билан бирга, ушбу ташаббус доирасида Ўзбекистоннинг Индонезия жамоат маконидаги визуал иштироки босқичма-босқич таъминланиб, мамлакатнинг туризм салоҳиятини халқаро аудиторияга тизимли равишда тақдим этишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
LED экранларда видеоконтент жойлаштирилиши Ўзбекистоннинг Индонезиядаги зиёрат-туризмни илгари суриш бўйича тўлиқ форматдаги комплекс дастурининг бошланиш босқичи ҳисобланади. Мазкур дастур жами еттита ўзаро боғлиқ йўналишни ўз ичига олади. Улар қаторида авиа ва туристик логистикани ривожлантириш, Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Индонезия ахборот маконида кенг тарғиб этиш, мамлакатнинг энг йирик шаҳарлари – Жакарта, Сурабая, Бандунг ва Самаринда шаҳарларида Ўзбекистон туризмига бағишланган тарғибот ва тақдимот тадбирларини ўтказиш белгиланган.
Жамоат транспорти инфратузилмаси бўйича метро бекатларида Ўзбекистон туризм брендига оид видеоролик жойлаштириш, йирик масжидлар имом-хатибларининг Ўзбекистонга мунтазам зиёрат сафарларини ташкил этиш, нуфузли блогерлар ва жамоат арбоблари иштирокида медиа-лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Қолаверса, маданий ва гуманитар дипломатияни кучайтириш, хайрия ва миллий-маданий меросни тарғиб қилишга қаратилган ташаббуслар назарда тутилган.
Лойиҳанинг илк босқичи доирасида мазкур йўналишда жами 3 та LED экранларда жойлаштирилган видеоконтент Жакарта шаҳрининг юқори одам оқимига эга ҳудудларини қамраб олди. Бир ойлик аудитория қамрови 17,5 миллиондан ортиқ транспорт воситалари ҳаракатини ўз ичига олади ва Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда сезиларли самара беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


