Венада Ўзбекистон туризми: марказий кўчаларда баннерлар намойиши
Март 25, 2026. 08:55 • 3 дақ
• 92
ВЕНА, 24 март. /“Дунё” АА/ Австрия пойтахтининг марказий кўчаларда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида реклама баннерлари намойиш қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу тарғибот тадбири меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Ҳар йили 5 миллиондан ортиқ хорижий сафарларни амалга оширадиган австрияликлар учун бундай тарғибот кампаниялари муҳим аҳамиятга эга.
Венада истиқомат қилаётган сайёҳлар ва туризм мутахассислари Ўзбекистон дипломатларига туризм йўналишида таклиф ва тавсияларини билдирди. Хусусан, австриялик саёҳатчи Йоханн Штигни шундай деди:
– Мен Венада яшайман. 30 йил тадбиркорлик билан шуғулландим, ҳозир пенсиядаман. Саёҳат қилишни жуда яхши кўраман ва дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман. Ўзбекистон ҳақидаги баннерни кўриб хурсанд бўлдим. Бир неча йил олдин мамлакатингизга ташриф буюрганман ва бу мен кўрган энг мафтункор давлатлардан бири. Буюк ипак йўли орқали боғланган қадимий маданият ва Осиё–Европа алоқалари ҳозир ҳам ажойиб ривожланиб бормоқда. Тезюрар поезд ва инфратузилма мени ҳайратга солган. Уни бемалол Токиодаги Шинкансэн билан таққослаш мумкин.
Ҳар йили Венада йирик сайёҳлик кўргазмаси – “Feriyen Messe” ўтказилади. Унга навбатдаги таътилни қаерда ўтказишни режалаштирган ўн минглаб одамлар келади. Улар орасида оддий сайёҳлар ҳам, маданият ихлосмандлари ва фотографлар ҳам бор. Айниқса, фотографлар учун Ўзбекистон ўзига хос мамлакат.
Агар мендан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун нима қилиш керак, деб сўрашса, Венадан Тошкент ёки Самарқандга тўғридан-тўғри авиақатновларни ташкил этишни таклиф қилган бўлардим.
Тўғридан-тўғри ҳаво қатнови австриялик сайёҳлар учун катта қулайликлар яратади. Бундан ташқари, Вена бутун Шарқий Европа учун ҳақиқий транспорт боғланмаси ҳисобланади. Чехия, Словакия, Венгрия ва бошқа мамлакатлардан кўплаб сайёҳлар айнан Венага бу ердан учиб кетиш учун келишади. Шу сабабли, Венадан тўғридан-тўғри рейснинг мавжудлиги барча саёҳатчилар учун ажойиб имконият бўларди.
Австриянинг “Lass uns reisen” туристик компанияси раҳбари Клеманс Вальцл ҳам Ўзбекистоннинг Венадаги тарғиботини алоҳида олқишлади:
– Ўзбекистон биз учун алоҳида жозибадор йўналиш. Мижозларимиз мамлакатнинг бой тарихи ва серқирра маданиятига катта қизиқиш билдирмоқда. Венадаги элчихона билан ҳамкорликнинг мустаҳкам асослари бор. Биз йил давомида турли тадбирлар орқали Ўзбекистонни оммалаштиришни ва палов каби миллий таомлар билан меҳмон қилишни режалаштирмоқдамиз. Тўғридан-тўғри рейслар ҳам сайёҳлар учун катта қулайлик яратади.
Бундай тадбирлар орқали австриялик сайёҳлар орасида Ўзбекистонга қизиқишни янада ошириш, туристик йўналишларни кенгайтириш ва маданий алоқаларни ривожлантириш мақсад қилинган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси