Москвадаги нуфузли кўргазмада ўзбек туризм имкониятлари намойиш қилинди
Март 14, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 141
МОСКВА, 16 март. /“Дунё” АА/. Россия пойтахтида “MITT 2026” 32-халқаро туризм ва меҳмондўстлик саноати кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
30 йилдан буён Москвада ўтказиб келинаётган мазкур кўргазма ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларидан туризм соҳаси мутахассисларини бир жойга жамлайди.
Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари, янги туризм йўналишлари ва ютуқлари намойиш этилди.
Халқаро кўргазма доирасида ташкил этилган Ўзбекистон миллий стендида Туризм қўмитаси, “Uzbekistan Airways” AЖ, “Silk Road Samarkand” сайёҳлик маркази ҳамда бошқа компаниялар томонидан мамлакатимизнинг энг жозибадор туризм йўналишлари тақдим қилинди.
Ташриф буюрувчиларга YUNESKOнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги қадимий меъморий ёдгорликлар, замонавий кўнгилочар мажмуалар, урф-одатлар, маданияти ва санъати ҳамда миллий таомлари ҳақида маълумот берилди.
Кўргазманинг ишбилармонлик дастури доирасида сайёҳлик компаниялари, туроператорлар, авиакомпаниялар вакиллари билан “G2B” ва “B2B” форматида учрашувлар ўтказилди. Суҳбат жараёнида ҳамкорликни кенгайтириш, янги сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистоннинг туризм имкониятларини халқаро бозорда илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси