Малайзия билан ҳамкорликда Ўзбекистонда зиёрат туризмига ихтисослашган гид-таржимонларни тайёрлаш янги босқичга чиқмоқда
Март 16, 2026. 11:41 • 2 дақ
• 291
КУАЛА-ЛУМПУР, 16 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг туризм марказлари бўлган Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида малай ва индонез тиллари бўйича зиёрат туризмига ихтисослашган
гид-таржимонларни тайёрлаш бошланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу лойиҳа Туризм қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 январдаги “Умра плюс” зиёрат туризми дастурини амалга оширишга қаратилган қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Лойиҳадан кўзланган мақсад охирги йилларда Малайзия ва Индонезиядан юртимизга ташриф буюраётган зиёратчи сайёҳлар сонининг ошиб бораётгани муносабати билан уларга “Умра плюс” дастури бўйича саёҳатни юқори савияда ва тажрибали малай ва индонез тилларини биладиган гид-таржимонлар ёрдамида ташкил этиш ҳисобланади.
Бугунга қадар Тошкент давлат шарқшунослик университети Жанубий Осиё тиллари ва адабиёти олий мактабида малай ва индонез тиллари бўйича мутахассислар доимий равишда тайёрланиб келинмоқда.
Эндиликда лойиҳа кўлами кенгайиб, туризм-меҳмондўстлик ва таржимонлик йўналишлари мавжуд бўлган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Бухоро давлат университети ва Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида малай ва индонез тиллари бўйича 6 ойлик интенсив гид-таржимонлар тайёрлаш курслари ташкил этилди.
Ушбу курсларга Малайзия миллий университети ва Султон Идрис педагогика университетининг малакали ўқитувчилари жалб қилинди. Ва биргина жорий йилнинг ўзида 50 дан зиёд малай ва индонез тилларини биладиган мутахассис тайёрлаш имконияти яратилди.
Келгусида ушбу тажрибани республикамизнинг бошқа ҳудудларида, хусусан Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида ҳам жорий қилиш ва унга доимий тус бериш режалаштирилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси