Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари янада мазмундор ва стратегик ҳамкорлик босқичига ўтмоқда
Август 09, 2026. 14:00 • 3 дақ
• 24
ВАШИНГТОН, 9 август. / “Дунё” АА/. Амeриканинг “Diplomatic Watch” нашрида Ўзбекистон ва АҚШ етакчилари ўртасида 7 август куни бўлиб ўтган телефон мулоқотига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллифнинг таъкидлашича, ушбу мулоқот 2025 йилнинг кузидан буён сезиларли даражада фаоллашган олий даражадаги мулоқотнинг мантиқий давомидир. Хусусан, нашр Президентларнинг 2025 йил 5 сентябрдаги телефон мулоқоти, 2025 йил 23 сентябрда БМТ Бош Ассамблеяси доирасидаги учрашуви ҳамда 2025 йил 6 ноябрда Оқ уйда ўтказилган музокараларини ёдга олади. Ушбу омиллар фонида навбатдаги музокаралар икки томонлама муносабатларнинг барқарор динамикасидан далолат беради. АҚШ етакчисининг сўзларига кўра, бу алоқалар “мисли кўрилмаган даражага” кўтарилган.
Нашрнинг хабар беришича, етакчилар асосий эътиборни муқаддам эришилган келишувларни амалда рўёбга чиқариш ва савдо-инвестициявий шерикликни янада кенгайтиришга қаратдилар. Мақолада ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида фуқаро авиацияси, автомобилсозлик, инфратузилма, энергетика, металлургия, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар санаб ўтилган.
Иқтисодий ҳамкорлик бўйича уч йиллик дастурнинг амалга оширилиши, Америка-Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилиши ҳамда Ўзбекистон вилоятлари ва АҚШ штатлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларнинг кенгайиши алоҳида қайд этилган.
“Diplomatic Watch” Ўзбекистон томонидан жорий йилнинг январь ойидан бошлаб АҚШ фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этилгани ҳақида алоҳида қайд этади.
Нашрда халқаро ва минтақавий кун тартибига ҳам кенг ўрин ажратилган. Таъкидланишича, етакчилар глобал хавфсизлик, халқаро ва минтақавий низоларни тинч йўл билан ҳал этиш масалалари бўйича фикр алмашдилар ҳамда бўлажак икки томонлама ва кўп томонлама тадбирларни муҳокама қилдилар.
Муаллиф аввалги мулоқотлар чоғида ҳам давлат раҳбарлари терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, минтақавий хавфсизлик ва АҚШнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан “C5+1” форматидаги ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилганини эслатиб ўтади.
“Diplomatic Watch” бўлиб ўтган мулоқотнинг асосий сиёсий сигнали сифатида Дональд Трампга Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиш таклифи яна бир бор билдирилганини урғулайди.
Умуман олганда, мақолада ушбу телефон мулоқоти икки Президент ўртасидаги шахсий мулоқотни изчил мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон-АҚШ муносабатларини янада мазмундор, стратегик ҳамкорлик босқичига олиб чиқишнинг навбатдаги босқичи сифатида талқин этилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси