Logo

Польшанинг Мазовия воеводлигида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди

Май 22, 2024. 14:23 • 2 дақ

143
Польшанинг Мазовия воеводлигида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди

ВАРШАВА, 22 май. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Польшанинг Мазовия воеводлигининг (вилояти) Венгрув шаҳридаги қадимий Лив қалъаси музейида Ўзбекистон маданияти кунлари ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Маданий тадбирда Венгрув шаҳри мэри Павел Марчела, Лив қалъаси музейи директори Элиза Чапка, Польша Сейми ва Сенати, ахборот-таҳлил, ишбилармон доира вакиллари, маҳаллий аҳоли ва ватандошлар иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Амирсаид Агзамходжаев иштирокчиларни мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий, инвестиция ва туризм имкониятлари билан таништирди. Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар, тадбиркорларга ва хорижий инвесторларга яратилаётган имкониятлар юзасидан тўлиқ маълумот берилди. Бу жараёнда демократик жамият институтларини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, халқимиз турмуш даражасини юксалтиришга алоҳида урғу берилаётгани таъкидланди.

Тақдимотда "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар, Ўзбекистон – Польша ҳамкорлиги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Лив қалъаси директори Элиза Чапка ўз нутқида Ўзбекистонда ўсиб бораётган туризм соҳаси ва бунга қизиқиш билдираётган поляклар сони ошиб бораётганини алоҳида қайд этиб, ҳозирги вақт икки давлат ўртасида маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш учун қулай фурсат эканини таъкидлади.

Тадбир иштирокчилари томонидан жорий йил март ойидан бошлаб йўлга қўйилган "Варшава-Тошкент-Варшава" йўналишидаги тўғридан-тўғри мунтазам авиақатновлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва туризм алоқаларини янада мустаҳкамлашига ишонч билдирилди.

Маданият кечаси давомида поляк тарихчиси Игорь Строецкий томонидан асли польшалик саёҳатчи ва фотограф Леон Барщевскийнинг XIX асрда олинган Самарқанд ва Бухорога оид расмлар коллекцияси намойиши ташкил этилди.

Саноатни ривожлантириш агентлигининг Таҳлил ва стратегия департаменти директори Конрад Шелонг:

— Ўзбекистон маданиятини Польшада тарғиб қилишга бағишланган тадбирга таклиф учун миннатдорлик билдираман. Сўнгги йилларда Польша ва Ўзбекистон савдо-иқтисодий вакиллар ўртасида алоқалар тобора ривожланиб бормоқда.

Жорий йил ноябрь ойида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Польша ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ва бизнес форум ўтказиш режалаштирилмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги яқин бизнес алоқалари янада мустаҳкамланишига умид қиламан.

Тарихчи Игорь Строецкий:

— Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Ўзбекистон маданияти кунлари давомида Леон Барщевский ижодига бағишланган кўргазма ҳам бўлиб ўтди. Польшалик саёҳатчи Барщевский ХIХ асрда Самарқандда 20 йил яшаган. Бугун бу ерга Ўзбекистон маданиятига қизиққан кўплаб одамлар йиғилди. Ўзбекистон элчихонасига ушбу маданий тадбирни ташкил қилгани учун миннатдорлик билдираман.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш