Ўзбекистонда имконияти чекланган ёшлар ўртасида касбий маҳорат бўйича кўрик-танлов ташкил этилди
Апрель 23, 2025. 11:20 • 2 дақ
• 748
ТОШКEНТ, 23 апрель. /"Дунё" АА/. 21 апрелдан 2 майга қадар Ўзбекистонда "Имкониятлар олимпиадаси" кўрик-танлови бўлиб ўтмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотига кўра, унда 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган, жисмоний имкониятларидан қатъий назар барча иштирокчилар ўз касбий маҳоратларини намойиш этмоқда.
Мазкур кўрик-танлов мамлакатимизда ушбу форматдаги биринчи миллий мусобақадир.
Лойиҳа Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Халқаро инклюзив хаб, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Танлов 10 та, жумладан кашта тикиш, кулолчилик санъати, ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ), қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш иши, мобилография, расм чизиш, қуруқ қурилиш ишлари, дурадгорлик ишлари, токарлик иши, фотосуратга тушириш профессионал йўналишларини қамраб олган.
Мусобақа доирасида 250 нафар иштирокчи очиқ тест синовларида ўз имкониятларини намойиш этмоқда. Танлов финали 1-2 май кунлари "Ўзэкспомарказ"да "Инсон учун" республика савдо ярмаркаси доирасида бўлиб ўтади. Танлов учун "Ўзэкспомарказ"нинг 5-кўргазма павильони махсус тарзда, танлов талаблари асосида тўлиқ жиҳозланди. Иштирокчилар учун қулай ва профессионал шароитлар яратилди.
"Имкониятлар олимпиадаси" шунчаки кўрик танлов эмас. Бу инклюзия – истисно эмас, балки норма бўлган келажакка қўйилган қадамдир. Ушбу танлов, соғликдаги чекланган имкониятлар ва ногиронлик – билим олиш, мартабага эришиш, ижодий ривожланиш ва тўлақонли ҳаёт кечиришга тўсқинлик қилмаслиги кераклиги ҳақида яна бир эслатмадир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Аёлларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича конференция ташкил этилди