Исломободда Ўзбекистон ва Покистон парламентлари қуйи палаталари ўртасида ҳамкорликни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди
Сентябрь 30, 2025. 15:23 • 2 дақ
• 230
ИСЛОМОБОД, 30 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегация Исломободга ташрифи давомида Покистон Миллий Ассамблеяси спикери Сардор Аёз Садиқ билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш, терроризм ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасида тажриба алмашиш, савдо-иқтисодий ва транспорт йўналишларида қўшма қадамларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда барча соҳалардаги муносабатларни янги поғонага кўтаришда парламент имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Парламентлараро "дўстлик гуруҳлари" фаолиятини жадаллаштириш зарурлиги эътироф этилди.
Спикер Сардор Аёз Садиқ Ўзбекистонда Парламентлараро иттифоқнинг 150-сессияси юксак савияда ташкил этилганини эътироф этиб, Ўзбекистон томонини ушбу муваффақият билан табриклади.
Миллий Ассамблея раҳбари Лаҳор ва Исломобод шаҳарларига тўғридан-тўғри рейслар очилганидан мамнунлигини билдириб, авиақатновлар географияси янада кенгайишига умид билдирди. Шу билан бирга, у Ўзбекистоннинг дунё денгизларига чиқиш имкониятини таъминлаш мақсадида Покистон портлари – Карачи, Қосим ва Гвадардан фойдаланиш учун барча шарт-шароитлар яратилишини тасдиқлади.
Суҳбатда иқлим ўзгариши масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишда Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, халқаро тузилмалар, жумладан Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси доирасидага ҳамкорликнинг чуқурлаштириш механизмлари бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашда парламентларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишнинг муҳимлигига урғу берилди.
Музокаралар якунида Нуриддин Исмоилов покистонлик ҳамкасбига ташриф билан Ўзбекистонга бориш таклифини билдирди.
Ўзбекистон делегацияси Покистон Миллий Ассамблеяси тавсиясига кўра Офатларни бошқариш миллий маркази фаолияти билан ҳам танишди. У ерда соҳавий ҳамкорлик масалалари, жумладан ўзаро тажриба алмашиш ва техник ёрдам кўрсатиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Сенатда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси раиси билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Венгрия парламентлари ўртасида Англашув меморандуми имзоланди
Олий Мажлис Сенати раиси Венгрия Президенти билан учрашди