Лаҳорда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Панжоб вилояти Ассамблеяси раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди
Октябрь 02, 2025. 18:03 • 2 дақ
• 235
ЛАҲОР, 2 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Покистонга ташрифи давомида Лаҳор шаҳрида Панжоб вилояти Ассамблеяси Спикери Малик Заҳир Иқбал Чаннер билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ҳудудлари ва Панжоб вилояти ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни барча йўналишларда изчил ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бунда қонун чиқарувчи органлар ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти, уни янада чуқурлаштириш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.
Малик Чаннер Панжоб вилояти Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини маълум қилди.
Суҳбатда Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк тарихий шахсиятлар ҳамда умумий маданий қадриятлар халқларимизни боғлаб турувчи муҳим ришталар сифатида эътироф этилди.
У, шунингдек, вилоятда Марьям Наваз бошчилигидаги маъмурият томонидан олиб борилаётган сиёсат, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ва ижтимоий таъминотни кучайтиришга қаратилган 80 дан зиёд ташаббуслар ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон делегациясига Панжоб Ассамблеясининг тузилиши ва фаолияти, аҳоли билан мулоқот олиб бориш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида маҳаллий парламентда фаолият юритаётган доимий қўмиталар ҳақида ҳам ахборот тақдим этилди.
Мулоқот чоғида минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Ҳар икки давлатнинг тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари муштарак эканлиги қайд этилди. Покистон ушбу йўналишда Ўзбекистон билан ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдорлиги таъкидланди.
Учрашув якунида покистонлик ҳамкорлар Ўзбекистон парламент делегациясига ташриф учун миннатдорлик изҳор этди ва мазкур сафар икки мамлакат ўртасидаги биродарлик ва ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Сенатда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси раиси билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Венгрия парламентлари ўртасида Англашув меморандуми имзоланди
Олий Мажлис Сенати раиси Венгрия Президенти билан учрашди