Сенатда Ўзбекистоннинг Австрия ва Туркия давлатларидаги элчиларининг ҳисоботлари эшитилди
Август 28, 2025. 14:15 • 2 дақ
• 471
ТОШКЕНТ, 28 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" AA мухбири.

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, унда сенаторлар, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда вилоятлар ҳокимлиги раҳбарлари, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари раислари, Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси вакиллари, Ёшлар парламенти аъзолари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сенаторлар томонидан Ўзбекистоннинг Туркия ва Австриядаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, миллий маҳсулотлар экспортини ошириш, хорижий туристларни жалб қилиш, олий ва юқори даражадаги ташрифлар доирасида қабул қилинган "йўл хариталари"ни ижро этиш тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди.
Мажлисда давлат раҳбари томонидан ташқи сиёсатимизнинг асосий мақсади – мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, миллий маҳсулотларимизнинг жаҳон бозоридаги улушини ошириш ва Ўзбекистоннинг халқаро имижини мустаҳкамлаш қилиб белгилаб берилганлигига яна бир бор урғу берилди.
Ўзбекистоннинг Туркия ва Австриядаги дипломатик ваколатхоналари томонидан 2024-2025-йилларда савдо-иқтисодий, инвестиция, экспорт, логистика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, илм-фан, маданият, туризм ва ташқи миграция каби муҳим соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини яна-да кенгайтириш ҳамда тегишли "йўл хариталари"да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 30 июль куни мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, 13 август куни тўқимачилик соҳасида экспорт имкониятлари ва захираларни ишга солиш бўйича видеоселектор йиғилишларида элчихоналарга экспортчи корхоналарга хорижда бозор топиш, миллий маҳсулотларга сертификат ва рухсатномалар олиб бериш, хорижда савдо уйлари ва омборлар ташкил этиш, хорижий брендларни олиб келиш ва корхоналаримизга сертификатлар олиб бериш топшириқларини ижросини таъминлаш лозимлиги таъкидланди.
Мазкур дипломатик ваколатхоналарнинг фаолияти самарадорлигини оширишда ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишда уларнинг мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ҳамда маҳаллий Кенгашлар билан мунтазам ва тўғридан-тўғри алоқаларини йўлга қўйиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, ушбу мамлакатларда вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига сифатли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, савдо уйлари ва маҳаллий компаниялар билан алоқаларни фаоллаштириш, шунингдек, ўзбекистонлик тадбиркорлар ва ишбилармонларга яқиндан ёрдам бериш ҳамда мамлакатнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий манфаатларини илгари суриш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди ҳамда тегишли тавсиялар берилди.
Муҳокама якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Қатар парламент аъзолари ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
Сенатда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси раиси билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Венгрия парламентлари ўртасида Англашув меморандуми имзоланди