Logo

Сенат қўмитаси мажлисида Ўзбекистоннинг Франция, Германия, Швеция, Венгрия ва АҚШдаги элчиларининг ҳисоботлари эшитилди

Август 07, 2025. 11:06 • 2 дақ

164
Сенат қўмитаси мажлисида Ўзбекистоннинг Франция, Германия, Швеция, Венгрия ва АҚШдаги элчиларининг ҳисоботлари эшитилди

ТОШКЕНТ, 7 август. /"Дунё" АА/. Кеча Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, унда сенаторлар, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда вилоятлар ҳокимлиги раҳбарлари, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссиялари аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Сенаторлар томонидан Ўзбекистоннинг Франция, Германия, Швеция, Венгрия ва АҚШдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, миллий маҳсулотлар экспортини ошириш, хорижий туристларни жалб қилиш, олий ва юқори даражадаги ташрифлар доирасида қабул қилинган "йўл хариталари"ни ижро этиш тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда фаол инвестиция сиёсатини олиб боришда хорижий инвестицияларни, шу жумладан халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар грантларини жалб қилиш, миллий маҳсулотларни жаҳон бозорларига экспорт қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва туристлар оқимини ошириш орқали республика ҳудудларини ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, жорий йил 30 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини кўпайтириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилишида янги захира ва имкониятларни ишга солиш вазифалари белгилаб берилган эди. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ва консуллик муассасалари экспортчи корхоналарга хорижда бозор топиш, миллий маҳсулотларга сертификат ва рухсатномалар олиб бериш, кўргазмалар ташкил қилиш, хорижда савдо уйлари ва омборлар ташкил этиш масалаларига эътибор қаратиши лозимлигига урғу берилди.

Ўзбекистоннинг Франция, Германия, Швеция, Венгрия ва АҚШдаги дипломатик ваколатхоналари томонидан 2024-2025 йилларда савдо-иқтисодий, инвестиция, экспорт, логистика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, илм-фан, маданият, туризм ва ташқи миграция каби муҳим соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ҳамда тегишли "йўл хариталари"да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Мазкур дипломатик ваколатхоналарнинг фаолияти самарадорлигини оширишда ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишда уларнинг мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ҳамда маҳаллий кенгашлар билан мунтазам ва тўғридан-тўғри алоқаларини йўлга қўйиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, республика ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда инвесторларнинг қизиқишларини ошириш, ҳамкорликда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини қайта кўриб чиқиш ва тўхтаб қолганларни истиқболли лойиҳаларга алмаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш масалаларига эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, ушбу мамлакатларда вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига сифатли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, савдо уйлари ва маҳаллий компаниялар билан алоқаларни фаоллаштириш, шунингдек, ўзбекистонлик тадбиркорлар ва ишбилармонларга яқиндан ёрдам бериш ҳамда мамлакатнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий манфаатларини илгари суриш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди ҳамда тегишли тавсиялар берилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш