Logo

Польша делегацияси Ўзбекистонда демократик давлат асосларини мустаҳкамлаш ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни юқори баҳолади

Март 16, 2024. 14:44 • 2 дақ

116
Польша делегацияси Ўзбекистонда демократик давлат асосларини мустаҳкамлаш ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни юқори баҳолади

ТОШКЕНТ, 16 март. /"Дунё" АА/. Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Польша маданият ва миллий мерос вазирининг ўринбосари Божена Желазовска бошчилигидаги парламент делегацияси билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, мулоқот чоғида Ўзбекистон-Польша муносабатларининг ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари, хусусан, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш, уни янги мазмун билан бойитиш, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасида ўзаро тажриба алмашишни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Меҳмонларга Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, ижтимоий инфратузилмани такомиллаштириш, мамлакатимиз барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди.

Польша томони Ўзбекистонда демократик давлат асосларини мустаҳкамлаш ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Суҳбат давомида икки томонлама парламентлараро мулоқот изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Мамлакатларимиз қонун чиқарувчи органлари ўртасида ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштиришда ўзаро қизиқиш билдирилди.

Ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

 «Варшава-Тошкент-Варшава» тўғридан-тўғри авиақатновининг очилиши Польша томони учун ҳам жуда узоқ кутилган воқеа экани алоҳида таъкидланди.

Томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорлик учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлаб, икки давлат пойтахтлари ўртасида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилгани ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришга, ўзаро сайёҳлик оқимини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш