Ўзбекистон ва Покистон ўртасида олий даражадаги келишувлар ижроси муҳокама қилинди
Октябрь 25, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 36
ИСЛОМОБОД, 25 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида олий даражада эришилган келишувларнинг амалий ижросига бағишланган йиғилиш ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев онлайн тарзда иштирок этиб, ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари юзасидан ахборот берди.
Учрашув давомида инвестициялар, саноат, савдо, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати, геология, рақамли технологиялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳалари бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Шу билан бирга, енгил саноат, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, темир йўл транспорти, фармацевтика, илм-фан, савдо-саноат ҳамда бошқа йўналишларга масъул вазирлик ва идоралар вакилларининг ахборотлари тингланди.
Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилиб, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инвестициялар, транспорт-логистика, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, таълим, фан ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар изчил ривожланаётгани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 5–6 февраль кунлари Покистонга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тегишли “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Муҳокамалар давомида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича муайян ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Айрим вазифалар ижросида масъул ижрочилар ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурати ва белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди.
Тадбир якунида икки мамлакат ўртасида олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлаш, Покистон томони билан ҳамкорликда ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни парламентлараро ва дипломатик мулоқотлар доирасида муҳокама қилишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси