Қулай тадбиркорлик муҳити Кегейлидаги йирик лойиҳалар ривожига хизмат қилмоқда
Сентябрь 18, 2026. 15:20 • 2 дақ
• 86
ТОШКЕНТ, 18 сентябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи давомида бугун “Кегейли барака наслли парранда” корхонаси фаолияти билан ҳам танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур йирик корхона Президентимизнинг 2024 йил 28 июндаги паррандачилик соҳасини қўллаб-қувватлашга доир қарори асосида ташкил этилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 7,8 миллион долларни ташкил этади. 21 гектар майдонни эгаллаган корхона ишга тушиши билан 70 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлди.
Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати юқори бўлиб, 200 минг товуқ боқиш имкониятига эга. Ҳозирги кунда бу ерда 130 минг товуқ парвариш қилинмоқда. Корхона давлат бюджетига 4,8 миллиард сўм тушум келтириб, туман иқтисодиётига катта ҳисса қўшмоқда.
Мажмуада йилига 27,5 миллион дона инкубацион тухум етиштирилади. Ушбу тухумлар товуқ ва 1 кунлик жўжа ҳолида сотувга чиқарилади.
Бугун Кегейлида мана шундай замонавий мажмуа барпо этилгани яхши натижа экани қайд этилди. Бундай лойиҳалар нафақат маҳсулотлари таннархи, балки ҳудуднинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим эканига эътибор қаратилди.
Товуқларни сифатли озуқа билан таъминлаш масаласи ҳам корхонанинг ўзида ҳал этилган. Бу ерда суткасига 100 тонна ем ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган алоҳида завод қурилган. Ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган.
Илгари Қорақалпоғистонга товуқ ва тухум маҳсулотлари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан келтирилар эди. Ушбу корхона Оролбўйи ҳудудининг бу маҳсулотга бўлган эҳтиёжини қондирибгина қолмай, маҳсулотни хорижга ҳам экспорт қилмоқда.
Жорий йилнинг сентябрь ойига қадар Афғонистонга 1,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Йил якунига қадар экспорт ҳажмини 1,5 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Жорий йил якунига қадар яна 8,5 гектар майдонда қиймати 5 миллион долларлик янги фабрикани ишга тушириш мўлжалланган. Лойиҳа амалга ошгач, янги иш ўринлари яратилади ва ишлаб чиқариш ҳажми янада ортади.
Президентимиз бундай мажмуалар келгусида йирик паррандачилик холдингларига айланиб, нафақат янги, балки юқори маошли иш ўринларини яратишга хизмат қилиши кераклигини қайд этди, мутасаддиларга бу борада тегишли кўрсатмалар берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси