Ўзбекистон раҳбари Туркманистон Президентини телефон орқали таваллуд куни билан табриклади

Сентябрь 22, 2026. 13:40 • 2 дақ

97
Ўзбекистон раҳбари Туркманистон Президентини телефон орқали таваллуд куни билан табриклади

ТОШКЕНТ, 22 сентябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон етакчиси Туркманистон Президентини таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон Президенти Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга ўзининг самимий саломини айтди. Туркманистон Президенти, ўз навбатида, давлатимиз раҳбарига Туркман халқининг миллий етакчиси номидан энг эзгу тилакларини етказди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бораётгани, энергетика, транспорт ва бошқа муҳим соҳаларда кооперация лойиҳалари амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Шунингдек ўқинг

“Шовот – Тошҳовуз” қўшма савдо зонасининг самарали фаолиятини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, минтақавий кун тартибига оид айрим масалалар, жумладан, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви ҳамда Туркманистонда бўлиб ўтадиган МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот якунида мамлакатимиз етакчиси биродар Туркманистон Президенти ва халқини яқин кунларда нишонланадиган миллий байрам – Мустақиллик куни билан табриклади.

Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати архивидан олинган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш