Ўзбекистон Президенти раислигида ёқилғи-энергетика соҳасидаги мурожаатлар таҳлил қилинди

Июль 17, 2026. 19:55 • 2 дақ

27
Ўзбекистон Президенти раислигида ёқилғи-энергетика соҳасидаги мурожаатлар таҳлил қилинди

ТОШКЕНТ, 17 июль. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёевга бугун ёқилғи-энергетика соҳасида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларда кўтарилган муаммоларни куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида бартараф этиш юзасидан ахборот берилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, аҳолини электр энергияси ва газ билан барқарор таъминлашда фуқаролар мурожаатларини таҳлил қилиш, улар асосида жойлардаги муаммоларни аниқлаб, манзилли чоралар кўриш муҳим аҳамиятга эга.

2026 йилнинг биринчи ярмида ёқилғи-энергетика соҳасига оид 39 минг 220 та мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 минг 820 та ёки 26,1 фоиз кам.

Уларнинг 50 фоизи табиий ва суюлтирилган газ, 38,3 фоизи электр таъминоти билан боғлиқ.

Мурожаатларда асосан суюлтирилган газ баллонларини тўлдириш, электр таъминотидаги узилишлар, электр тармоқларини қуриш ва таъмирлаш ҳамда табиий газ босими билан боғлиқ масалалар кўтарилган.

Мурожаатларнинг умумий сони камайганига қарамай, ҳар бир мурожаатни алоҳида ҳолат сифатида эмас, балки муайян ҳудуд, тармоқ ёки хизматдаги муаммони кўрсатувчи муҳим сигнал сифатида ўрганиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек ўқинг

Куз-қиш мавсуми олдидан такрорий мурожаатлар келиб тушаётган маҳалла ва объектларни хатловдан ўтказиш, электр ва газ тармоқларининг техник ҳолатини ўрганиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳудудлар кесимида манзилли режалар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Айниқса, электр таъминотида узилишлар кўп кузатилаётган ҳудудларда тармоқ ва трансформаторларни таъмирлаш, авария бригадаларининг шайлигини ошириш, табиий газ босими билан боғлиқ муаммолар мавжуд жойларда таъминот барқарорлигини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, суюлтирилган газ баллонларини тўлдириш ва аҳолига етказиб бериш графикларига қатъий риоя қилиш, эҳтиёж юқори бўлган ҳудудларда қўшимча захира ва имкониятларни сафарбар этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга мурожаатларда кўтарилган тизимли муаммоларни куз-қиш мавсуми бошлангунига қадар ҳал этиш, бунда маҳаллий ҳокимликлар, “маҳалла еттилиги” ҳамда коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан биргаликда тизимли иш олиб бориш зарурлигига урғу берилди.

Мавсумга тайёргарлик ишларини муддатида ва сифатли якунлаш, аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларига табиий ва суюлтирилган газ, шунингдек, бошқа ёқилғи ресурсларини барқарор етказиб бериш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш