Ўзбекистон Президентига маданият ва санъат соҳасидаги устувор лойиҳалар тақдимот қилинди
Июль 17, 2026. 18:40 • 5 дақ
• 171
ТОШКЕНТ, 17 июль. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун маданият ва санъатни ривожлантириш, миллий меросимизни асраб-авайлаш ҳамда халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга қаратилган лойиҳа ва тадбирлар тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, дастлаб нуфузли хорижий музей ва кўргазма майдонларида Ўзбекистоннинг археологик ва илмий мероси, шунингдек, амалий санъат асарларини намойиш этиш бўйича режалар кўриб чиқилди.
Жумладан, 2026 йил сентябрь ойида Доҳадаги Ислом санъати музейида “Uzbekistan: Heritage in Motion” кўргазмасини, ноябрь ойида эса Миландаги Prada фондида Ўзбекистоннинг ноёб экспонатлари иштирокида “Global Antiquity” халқаро археология кўргазмасини ташкил этиш режалаштирилган. 2027 йилда Венециядаги Палаццо Гримани ва Япониянинг Нара миллий музейида юртимизнинг бронза давридан илк ўрта асрларгача бўлган тарихини акс эттирувчи 200 дан зиёд археологик топилмалар намойиш этилади. Миландаги Палаццо Реаледа олтин каштачилик, сўзана, икат, заргарлик буюмлари ва амалий санъат асарларидан иборат 150 дан ортиқ экспонат тақдим этилади.
Флоренцияда Абу Али ибн Синонинг ҳаёти ва илмий меросига бағишланган кўргазма ўтказиш, шунингдек, Япония, Буюк Британия, Хитой, Саудия Арабистони ва бошқа давлатлардаги етакчи маданий муассасалар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари баён қилинди.
Маданий мерос объектларини реставрация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Романовлар саройида Ўзбекистон давлат санъат музейи филиалини ташкил этиш кўзда тутилган. Бунда мажмуанинг тарихий қиёфаси сақлаб қолиниб, 300 га яқин экспонатдан иборат доимий экспозиция шакллантирилади.
Мухтор Ашрафий уй-музейида бинонинг фасади ва тарихий интерьерлари реставрация қилиниб, экспозиция янгиланмоқда. Музей замонавий муҳандислик тизимлари, хавфсизлик ва иқлим назорати воситалари, мультимедиа ускуналари, шунингдек, овоз ёзиш студияси билан жиҳозланади.
Тақдимотда “Тамерлано” операсини жаҳоннинг нуфузли саҳналарида намойиш этиш натижалари ва келгуси режалар кўриб чиқилди.
Жорий йилда ушбу асар Дубай операси, Венадаги “Музикферайн”, Санкт-Петербургдаги Мариинский театри ҳамда Версаль саройи Қироллик операси саҳналарида намойиш этилди. Стефано Пода саҳналаштирган операда Георг Фридрих Гендель мусиқаси Кирилл Рихтер талқинида, ўзбек миллий чолғу асбобларидан фойдаланилган ҳолда ижро этилди. Лойиҳада Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри, хор, халқ чолғулари оркестри ва таниқли солистлар иштирок этди.
2027 йил март ойида “Тамерлано” операсини Нью-Йоркдаги машҳур “Карнеги-холл” концерт зали саҳнасида намойиш этиш режалаштирилган. Бу ўзбек опера санъати ва миллий ижрочилик мактабининг юксак салоҳиятини хорижий аудиторияга кенг намойиш этиш имконини беради.
Йирик концертлар, фестиваллар, танлов ва кўргазмаларни ташкил этишнинг ягона тизимини шакллантириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Халқаро фестиваллар дирекцияси” давлат муассасаси негизида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳузурида Маданий лойиҳалар миллий операторини ташкил этиш таклиф қилинди.
Миллий оператор йирик халқаро тадбирларни ташкил этиш ва уларни хорижда тарғиб қилиш, таниқли ижрочилар иштирокидаги концертларга буюртмачи сифатида иш олиб бориш, шунингдек, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини тайёрлаш учун масъул бўлади.
Жорий йил 8 июнь куни Самарқанддаги Регистон майдонида машҳур хонанда Жон Леженднинг концерти ўтказилди. Август ойида Пекиндаги Буюк Хитой деворида, сентябрь ойида эса Регистон майдонида таниқли пианиночи Ланг Лангнинг концертларини ўтказиш режалаштирилган. Октябрь ойида Тошкентдаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бастакор Макс Рихтернинг концерти бўлиб ўтади.
Жорий йилда Венеция ва Милан шаҳарларида ўтказилаётган йирик халқаро маданий тадбирларда Ўзбекистоннинг иштироки натижалари ҳам тақдим этилди.
Венециядаги 61-халқаро санъат биенналесида Ўзбекистон “The Aural Sea” лойиҳаси билан миллий павильонда иштирок этмоқда. Лойиҳа Орол денгизи ва Қорақалпоғистон мавзусини хотира, афсона ва ҳикоялар орқали очиб беради. Павильонга ҳозирга қадар 60 мингдан зиёд киши ташриф буюрган. Лойиҳага бағишланган материалларнинг умумий медиа қамрови 145 миллиондан ошган.
Биеннале доирасида Палаццо Кавалли-Франкеттида ўзбекистонлик рассом Вячеслав Ахуновнинг “Instruments of the Mind” шахсий кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда рассомнинг 1970 йиллардан бугунги кунга қадар яратилган 200 дан ортиқ асари намойиш этилмоқда. Кўргазмага 30 дан зиёд мамлакатдан 12 мингдан ортиқ киши ташриф буюрган.
“Milan Design Week 2026” доирасида ташкил этилган “Ўрик гуллаганда” миллий павильонида 12 нафар халқаро дизайнер ҳамда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистондан 12 нафар ҳунарманднинг ҳамкорликдаги ишлари намойиш қилинди. Ўзбекистон павильони “Fuorisalone Award 2026” мукофоти ҳакамлар ҳайъатининг махсус эътирофига сазовор бўлди. Уни 18 мингдан зиёд киши кўрди, лойиҳанинг халқаро ахборот қамрови 171 миллионга етди.
Шунингдек, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг 2026-2027 йилларга мўлжалланган тадбир ва лойиҳалари муҳокама қилинди.
11-13 сентябрь кунлари Нукус шаҳрида Орол маданияти саммити ўтказилади. Маданият, илм-фан, меъморлик, дизайн ва экология соҳалари вакиллари Оролбўйини барқарор ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади. 2027 йил январь ойида “Aral School” халқаро дастурининг Орол денгизи ҳавзаси иқлими ва ландшафтига бағишланган янги мавсуми бошланади.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри репертуарини янгилаш доирасида Жакомо Пуччинининг “Турандот” операси ва Пётр Чайковскийнинг “Шелкунчик” балетини янгича талқинда саҳналаштириш режалари кўриб чиқилди. Лойиҳаларни амалга оширишга етакчи маҳаллий ва хорижий режиссёрлар, дирижёрлар, хореографлар ва саҳналаштириш бўйича мутахассисларни жалб этиш режалаштирилган.
2027 йилги Бухоро биенналеси доирасида маданий мерос объектларини реставрация қилиш, тарихий ҳудудлар ва жамоат маконларини ободонлаштириш, шунингдек, кўргазма майдонларини тайёрлаш режалаштирилган. Биенналега 50 дан зиёд хорижий рассом ва дизайнер ҳамда мамлакатимиз креатив индустрияларининг 300 дан ортиқ вакили жалб этилади.
Бундан ташқари, “Milan Design Week” ва “Art Basel” тадбирларида иштирок этиш, “Art for Tomorrow” халқаро анжуманини ўтказиш, Қатар музейлари билан ҳунармандчилик ва дизайн соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Бухорода бадиий резиденция ва халқаро заргарлик мактабини ташкил этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни пухта тайёрлаш, реставрация ишлари сифатини қатъий назорат қилиш, миллий мазмунни замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштириш ҳамда халқаро маданий ҳамкорликнинг амалий натижадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси