Президент Шавкат Мирзиёев ватандошларни Халқлар дўстлиги куни билан табриклади
Июль 30, 2026. 12:15 • 4 дақ
• 59
(2026 йил 30 июль, Тошкент ш.)
Қадрли ватандошлар!
Аввало, сиз, азизларни, бутун Ўзбекистон халқини юртимизда кенг нишонланаётган қутлуғ айём – Халқлар дўстлиги куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ҳеч шубҳасиз, ушбу қувончли байрамда кўп миллатли халқимизнинг олижаноб интилишлари, амалий ҳаракатлари билан жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, миллатлар ва динлараро дўстлик, бағрикенглик ҳамда ҳамжиҳатлик бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз эканини янада чуқур ҳис этамиз.
Бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандлари каби аҳил ва иноқ яшаб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётганини барчамиз юксак қадрлаймиз.
Ғоят ноёб ижтимоий ҳодиса бўлган бундай миллий-маданий хилма-хиллик Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси, миллати, тили ва динидан қатъий назар, эркин ва фаровон яшайдиган инсонпарвар давлат сифатидаги ўрни ҳамда нуфузини оширишда муҳим роль ўйнамоқда.
Кейинги йилларда “Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда” деган эзгу ғоя асосида юртимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликнинг ўзига хос ибратли моделини яратганимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Ҳозирги вақтда миллатлараро муносабатлар соҳасида амалга ошираётган ислоҳотларимиз кўлами тобора кенгайиб, сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Бу борада қабул қилинган 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати концепцияси фаолиятимиз самарасини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Кейинги йилларда кўркам биноларда фаолият юритаётган 157 та миллий маданий марказ ва 46 та дўстлик жамиятининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Ушбу масканларда ўтказилаётган умуммиллий байрамлар, дўстлик кечалари, фестиваль ва учрашувлар мамлакатимизнинг маданий қиёфасини белгилайдиган муҳим маърифий тадбирларга айланиб бормоқда.
Юртимиздаги таълим муассасаларида ўқув жараёнлари етти тилда олиб борилмоқда, қардош тиллардаги мактаблар давлат ҳисобидан дарслик ва адабиётлар билан таъминланмоқда. Телерадиоканаллар орқали 12 тилда кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилмоқда, 14 тилда газета ва журналлар нашр этилмоқда.
Ўтган йили Халқлар дўстлиги куни арафасида пойтахтимизда очилган миллий маданий марказларнинг павильони халқаро жамоатчилик томонидан кенг эътироф этилиб, кўплаб хорижлик меҳмонлар ҳам ташриф буюрадиган масканга айланди.
Пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” парки ҳудудида “Бағрикенглик боғи”, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда этно ва сайёҳлик қишлоқлари ташкил этилгани мазкур йўналишдаги фаолиятни кенгайтиришда муҳим роль ўйнамоқда.
Турли миллатга мансуб юртдошларимиз орасида ўнлаб депутат ва сенаторлар, давлат ва жамоат арбоблари, таниқли ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт намояндалари, бизнес вакиллари муносиб фаолият кўрсатаётгани, уларнинг 2 минг нафарга яқини Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирлангани мамлакатимизда ҳукм сураётган ижтимоий тенглик, адолат ва инклюзивликнинг амалий намунаси, десак, тўғри бўлади.
Муҳтарам юртдошлар!
Бепоён Марказий Осиё минтақаси халқларининг қадимдан муштарак мақсадлар асосида яшаб, меҳнат қилиб, тараққиёт борасида қандай улкан натижаларга эришганлари, бундай эзгу анъаналар кейинги йилларда янада кучайиб, янги босқичга кўтарилаётганини барчамиз кўриб турибмиз.
Биз қўшни давлатлар билан дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган муносабатларимизни мустаҳкамлаб, стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада ривожлантирмоқдамиз.
Халқларимиз ўртасида эркин борди-келдилар, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар кенгайиб, янгича маъно-мазмун билан бойиб бораётгани, бундай ҳаётбахш жараёнларда Ўзбекистоннинг алоҳида ўрни ва ҳиссаси борлиги айниқса диққатга сазовор.
Сўнгги йилларда сизлар билан, эл-юртимиз билан биргаликда халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш йўлида эришган ютуқларимизни янада бойитиш биз учун бундан буён ҳам бош вазифа бўлиб қолади.
Барчамиз яхши биламиз, турли миллат вакилларини ўзаро яқинлаштиришда санъат ва маданият ҳамиша маънавий кўприк вазифасини бажариб келган. Ҳар қайси миллатнинг бетакрор санъатини айни шу асосда ривожлантириш бу – умумбашарий бирлик ва аҳилликка олиб борадиган энг ишончли йўлдир.
Шу мақсадда мамлакатимизда турли миллат ва элат вакилларидан таркиб топадиган профессионал “Дўстлик” ансамблини ташкил этишни режа қилганмиз ва бунинг учун барча шароитларни яратиб берамиз.
Ўйлайманки, мазкур янги ижодий жамоа ана шундай қулай муҳитда шаклланиб ва ривожланиб, мамлакатимиз маданий ҳаётида албатта муносиб ўрин эгаллайди.
Қадрли дўстлар!
Ҳеч қачон унутмайлик, халқлар дўстлиги бу – муқаддас инсоний қадрият, тинч, эркин ва фаровон ҳаёт гаровидир. Бугунги кунда барчамиз ўзимиз, оиламиз, фарзандларимизнинг бахти, жонажон Ўзбекистонимизнинг тақдири ва келажаги учун ягона халқ, ягона жамият бўлиб ҳаракат қилаётган эканмиз, юксак мақсадларимизга албатта етамиз.
Сиз, азизларни, бутун халқимизни 30 июль – Халқлар дўстлиги куни билан яна бир бор чин дилдан табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, оилавий бахт, мамлакатимиз равнақи йўлидаги олижаноб фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.
Ўзбекистонимиз доимо тинч ва барқарор бўлсин, биргаликдаги фидокорона меҳнатимиз билан янада гуллаб-яшнасин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси