Ўзбекистон Президенти ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва армияни рақамлаштириш бўйича таклифларни маъқуллади
Май 07, 2026. 15:10 • 4 дақ
• 31
ТОШКЕНТ, 7 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев бугун ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва армияни рақамлаштириш юзасидан тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, сўнгги йилларда дунёда юз бераётган қуролли можароларда учувчисиз учадиган аппаратлар, роботлашган тизимлар, радиоэлектрон кураш воситалари ва замонавий бошқарув технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Бу эса нафақат қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни янгилаш, балки янги авлод мутахассисларини тайёрлашни ҳам тақозо этмоқда.
Мамлакатимизда мазкур йўналишда изчил ишлар амалга оширилмоқда. Қўшинларда дронларни жанговар қўллаш ва уларга қарши курашувчи янги бўлинмалар ташкил этилиб, учувчисиз учадиган аппаратлар операторлари, муҳандислар ва робототехника мутахассисларини тайёрлаш тизими йўлга қўйилди.
Тақдимотда давлатимиз раҳбарига мазкур мобил бўлинмалар фаолияти ҳамда ушбу йўналишда мутахассислар тайёрлаш тизими юзасидан ҳисобот берилди.
Ҳарбий таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 2025 йилда Президентимиз ташаббуси билан мазкур соҳани ривожлантириш, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга ҳарбий кадрларни тайёрлаш чоралари кўрилди. Натижада барча олий ҳарбий таълим муассасаларига институт мақоми берилиб, ягона вертикал бошқарув тизими яратилди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилди.
Замонавий жанговар ҳаракатлар, қўшинлардаги реал эҳтиёж ва илғор олий таълим муассасалари тажрибаси асосида янги малака талаблари, ўқув режа ва дастурлари жорий этилмоқда. Тайёргарлик назария ва амалиётни уйғунлаштириш тамойили асосида ташкил этилиб, бўлажак офицерлар ўқув жараёнининг ўзида долзарб вазиятдан келиб чиқиб хизмат ўташлари учун зарур кўникмаларни эгаллаши кўзда тутилган.
Бакалавр даражасида ҳарбий кадрлар тайёрлашнинг мутлақо янги модели доирасида курсантларга хорижий тиллар, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект чуқур ўргатилади.
Қўмондонлик-штаб офицерлари учун илғор хорижий тажриба ва замонавий қуролли тўқнашувларни ўрганиш асосида илк бор уч босқичли янги ўқитиш тизими жорий этилади.
Шу билан бирга, сержантлар таркибини тайёрлаш кўлами ҳам кенгайтирилади. Асосий янгиликлардан бири – олий ҳарбий таълим муассасаларида сержантлар учун бакалавриатнинг олтита фуқаролик мутахассислиги бўйича масофавий таълим йўлга қўйилади. Шунингдек, авиация ва учувчисиз учадиган аппаратлар мутахассисларини тайёрлаш тизими янада такомиллаштирилиб, мазкур йўналишда Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларини ўқитиш ва уларга ягона сертификат бериш тартиби жорий этилади.
Тақдимотда армияни рақамлаштириш ва киберхавфсизликни таъминлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда Мудофаа вазирлиги тизимида алоқа инфратузилмаси модернизация қилинди, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмоқда, ҳимояланган маълумот алмашинуви каналлари ривожлантирилмоқда.
Ҳарбий дастурчилар томонидан қўшинлар фаолиятининг турли йўналишлари бўйича 50 га яқин ахборот тизимлари ишлаб чиқилди. Хусусан, мудофаа ишлари органларида “Чақирув” электрон ахборот тизими яратилиб, 19 та вазирлик ва идоралар билан интеграция қилинди. Бу 39 турдаги маълумотномани онлайн шаклда олиш ва илк бор чақирув тадбирларини тўлиқ электрон шаклда ўтказиш имконини берди.
Ҳарбий тиббиёт соҳасида ягона тиббий ахборот тизими ва телемедицина жорий этилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “D-MED” тизими билан интеграция таъминланди.
Замонавий хавф ва таҳдидлардан келиб чиқиб, Мудофаа вазирлигида кибертаҳдидларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган Ахборот хавфсизлиги мониторинг маркази ташкил этилди.
Тақдимотда автоматлаштирилган бошқарув тизимларини янада ривожлантириш, роботлашган ва автоном мажмуалардан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар таклиф этилди.
Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида Рақамли технологиялар бош бошқармаси, Сунъий интеллект технологиялари департаменти ва Киберхавфсизлик лабораториясини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Республиканинг барча ҳудудларида узлуксиз ва барқарор алоқани таъминлаш мақсадида Сунъий йўлдош алоқа маркази фаолияти йўлга қўйилади.
Мудофаа соҳасида ягона рақамли сиёсатни юритиш мақсадида мудофаа вазирининг рақамлаштириш, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди. Ҳарбий округларда эса қўмондонларнинг рақамлаштириш, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик бўйича ўринбосарлари лавозимларини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Тақдимот якунида Олий Бош Қўмондон билдирилган таклифларни маъқуллаб, армияни янада рақамлаштириш, қўшинларга замонавий ахборот-коммуникация тизимлари ва сунъий интеллект технологияларини жорий этишга қаратилган ҳужжатларни имзолади.
Мутасаддилар олдига мудофаа соҳасини тўлиқ рақамлаштириш, миллий сунъий интеллект моделларини яратиш ва малакали ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар қўйилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси