Ўзбекистон Президенти туризм соҳасини ривожлантириш бўйича навбатдаги вазифалар ҳамда йирик маданият ва туризм объектларини барпо этишга оид тақдимот билан танишди
Январ 15, 2026. 17:07 • 4 дақ
• 179
ТОШКЕНТ, 15 январь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев халқаро маданий тадбирларнинг натижалари, туризм соҳасини ривожлантириш бўйича навбатдаги вазифалар ҳамда йирик маданият ва туризм объектларини барпо этишга оид тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро маданият маконида ўз мавқеини изчил мустаҳкамлаб бормоқда. Самарқандда ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси 190 мамлакатдан 3 мингдан ортиқ делегатлар иштирокида муваффақиятли ўтказилди. Тадбир якунларига кўра, Ўзбекистоннинг маданий меросни муҳофаза қилиш, таълим ва креатив иқтисодиёт бўйича ташаббусларини амалиётга жорий этиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Мамлакатимизнинг Японияда бўлиб ўтган ЭКСПО-2025 Бутунжаҳон кўргазмасидаги иштироки якунлари сарҳисоб қилинди. Ўзбекистоннинг 1,2 минг квадрат метр майдонда ташкил этилган “Билимлар боғи” павильонига 1 миллион нафарга яқин одам ташриф буюрди. Тақдим этилган экспозициялар халқаро миқёсда кенг ёритилди ҳамда энг кўп ташриф буюрилган павильонлар қаторидан жой олди. Айни пайтда Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган ЭКСПО-2030 кўргазмасида иштирок этишга тайёргарлик ишлари бошланиб, майдони 3,6 минг квадрат метр бўлган павильон қурилиши режалаштирилган.
Бухорода ўтказилган биринчи Замонавий санъат биенналесига алоҳида эътибор берилди. 70 кун давом этган тадбир 3,5 гектар майдонни ва 14 та реставрация қилинган маданий мерос объектларини қамраб олди. Биенналеда 40 дан ортиқ давлатдан 70 нафар ижодкор ва куратор иштирок этди. Тадбирда иштирок этганларнинг сони қарийб 1,8 миллион нафарни ташкил этиб, жумладан, 100 нафардан ортиқ юқори мартабали хорижий меҳмон ташриф буюрди. Ўзбекистон 2021 йилдан буён Венеция биенналесида доимий равишда иштирок этиши эса Италиядан сайёҳлар оқимининг ўсишига хизмат қилаётгани таъкидланди.
Мамлакатда йирик халқаро концерт дастурлари ўтказилди. Хусусан, Тошкентда Женнифер Лопес, Хивада Black Coffee, Самарқандда Андреа Бочеллининг концертлари бўлиб ўтди. Тадбирларни ўтказиш даврида мазкур шаҳарларда меҳмонхоналардан фойдаланиш даражаси 90 фоиздан ошди, бу эса туризм ва хизматлар соҳаси даромадларига ижобий таъсир кўрсатди.
2025 йилда сайёҳлар сони 11 миллиондан ошиб, туристик хизматлар экспорти 4,8 миллиард долларга етгани, шунингдек, визасиз тартиб жорий этилган давлатларнинг сони 94 тага кўпайгани қайд этилди.
Шу билан бирга, туризм соҳасини лойиҳа бошқаруви тизимига ўтказиш, туризм маҳсулотларини яратиш ва ривожлантириш бўйича ягона механизмни жорий этиш ҳамда йирик тадбирларни мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Соҳа фаолиятини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат ва хусусий ахборот тизимларини уйғунлаштириб, Миллий туризм платформасини ишга тушириш, туристлар ва тадбиркорлар учун проактив рақамли хизматларни жорий этиш, нақдсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш ҳамда туристлар оқимини таҳлил қилиш вазифалари белгилаб берилди. Рақамлаштириш орқали яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва сайёҳлик йиғимидан йиллик тушумларни ошириш режалаштирилгани қайд этилди.
Мамлакатимиз туризм салоҳиятини АҚШ, Форс кўрфази давлатлари, Ҳиндистон, Хитой ва Скандинавия каби устувор бозорларда илгари суриш бўйича янги маркетинг стратегиясини амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистоннинг халқаро туристик платформалардаги иштирокини кенгайтириш, рақамли контентни ривожлантириш ҳамда йирик медиа ресурслари ва фикр етакчиларини жалб қилиш вазифалари белгиланди.
Тақдимотда йирик маданият ва туризм объектлари лойиҳалари кўриб чиқилди.
Самарқандда “Самарқанд мероси йўлаги” лойиҳаси иш бошламоқда. Регистон ансамбли, Бибихоним ва Шоҳи Зинда мажмуалари ҳамда Мирзо Улуғбек расадхонасини 6,6 километрлик ягона сайёҳлик йўналиши ўзаро боғлайди.
Самарқандда янги “Ипак йўли” музейини қуриш лойиҳаси тақдим этилди. Умумий майдони 19,5 минг квадрат метрни ташкил этадиган уч қаватли замонавий бино қурилиб, унда инклюзив муҳит, кўргазма заллари, экспонатларни сақлаш фондлари, шунингдек, таълим олишга мўлжалланган ҳудудларни яратиш кўзда тутилган.
Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳудудида ландшафт дизайнини янгилаш режалаштирмоқда. Янги музей биноси, иммерсив кўргазма заллари, ташриф буюрувчилар учун марказ барпо этилади. Пиёда йўлаклари ободонлаштирилиб, археологик объектлар ягона музей муҳитига уйғунлаштирилади.
Шунингдек, Бухоро шаҳрининг бош режаси тақдим этилди. Унда қулай шаҳар муҳитини шакллантириш, транспорт ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, конгресс-холл, амфитеатр, кутубхона, фуд-холл, чакана савдо ва тижорат объектлари ҳамда юқори тоифали меҳмонхонани ўз ичига оладиган кўп функцияли мажмуа сифатида тарихий-этнографик боғ барпо этиш назарда тутилган.
Муҳокама якунида Президентимиз маданият лойиҳаларини туризмни ривожлантириш вазифалари билан ўзаро боғлаган ҳолда амалга ошириш, уларнинг иқтисодий барқарорлиги ва сифатли бошқарувини таъминлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси