Ўзбекистон Президенти Самарқанддаги Имом Мотуридий мажмуасига ташриф буюрди
Март 19, 2026. 12:04 • 2 дақ
• 138
ТОШКЕНТ, 19 март. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифининг иккинчи куни Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Президентининг қарорига мувофиқ, ўтган йили юртимизда ақида илмининг асосчиси Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристони ҳудудида Имом Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштиришга киришилганди.
Айни пайтда мажмуа ва унинг атрофида қурилиш-ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Умумий майдони 10,2 гектар бўлган ҳудудда Имом Мотуридий мажмуаси қайта қурилиб, 250 ўринли масжид, кириш пештоқи, илмий марказ, кутубхона, музей ва автотураргоҳ бунёд этилмоқда.
Шунингдек, қурилиш ишлари жараёнида Чокардиза қабристонида буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний дафн этилган жой ҳам аниқланиб, бу ерда мақбара қурилмоқда.
Алломалар ёдга олиниб, Қуръон тиловат қилинди.
Давлатимиз раҳбари бунёдкорлик ишларини кўздан кечириб, ушбу маскан дунё мусулмонлари талпинадиган зиёрат манзилларидан бири эканини қайд этиб, бу ерда улар учун замон талабларига мос шароит яратиш зарурлигини таъкидлади.
– Мажмуага келган киши аввало Имом Мотуридий бобомизнинг илмий-маънавий мероси, ислом оламида тутган мавқеи ҳақида ёрқин тасаввурга эга бўлиши, алломанинг маърифатпарвар қарашлари бугун ҳам долзарблигини ҳис қилиши керак, – деди Президент.
Қурилишни сифатли ва ўз вақтида бажариш, ҳудудда яшил майдонларни кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси