Ўзбекистоннинг машҳур ширинликлари испан нашрида эътироф этилди
Март 19, 2026. 10:51 • 2 дақ
• 88
МАДРИД, 19 март. /“Дунё” АА/. Испаниянинг нуфузли “El Diario” нашри “Осиёда ширинликлардан воз кечилмайди: Ўзбекистоннинг энг машҳур 5 та ширинлиги” сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбек миллий ширинликларига бағишланган ушбу қизиқарли мақолада ёзилишича, Европа пишириқлари кўпинча нафислик ва мураккаб технологияси билан ажралиб турса, Осиё, хусусан, Ўзбекистон ширинликлари табиийлиги, такрорланмас таъми билан ўзига хосдир. Қадимдан Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистонда турли халқлар анъаналари уйғунлашиб, ўзига хос бой пазандалик мактаби шаклланган.
Муаллиф таъкидлашича, ўзбек ширинликлари шунчаки десерт эмас, балки меҳмондўстлик, оилавий анъаналар ва миллий қадриятларнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Айниқса, чой атрофидаги суҳбатлар, байрамлар ва маросимларда ширинликлар алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, ҳар бир ширинлик ортида нафақат таъм, балки муайян тарих ва рамзий маъно мужассам.
Мақолада Ўзбекистонда кенг тарқалган бешта машҳур ширинлик ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган. Жумладан, чак-чак Марказий Осиёнинг энг оммалашган ширинликларидан бири сифатида тилга олинган. У қовурилган хамир бўлакларини асал билан аралаштириш орқали тайёрланиб, кўпинча тўй ва байрамларда дастурхон кўркига айланади.
Шунингдек, ҳолва ширинлигининг ўзгача мазаси ҳақида ҳам маълумот келтирилган. Қовурилган ун, сариёғ ва шакар асосида тайёрланадиган бу ширинликка кўпинча ёнғоқ қўшилиб, унинг таъми янада бойитилади. Бу таомни нафақат байрамларда, балки кундалик ҳаётда ҳам учратиш мумкин.
Анъанавий ва мавсумий ширинликлардан яна бири нишолда. бу таом, асосан, Рамазон ойида кўпиртирилган тухум оқи ва шакар қўшиб тайёрланади.
Мақолада парвардаҳақида ҳам маълумот берилган. Қайнатилган шакардан тайёрланадиган бу майда конфетлар лимон ёки зираворлар билан хушбўйлантирилиб, одатда чой билан истеъмол қилинади.
Яна бир машҳур ширинлик новвот бўлиб, у карамелизацияланган шакар кристалларидан иборат бўлади. Новвот нафақат ширинлик, балки чой ичиш маданиятининг ажралмас қисми сифатида қадрланади.
Ўзбек ширинликлари нафақат ўзининг бетакрор таъми, балки кўп асрлик тарихий илдизлари, маданий аҳамияти ва инсоний муносабатларни мустаҳкамлашдаги ўрни билан ҳам дунё аҳлини ҳайратга солмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси