Logo

“Arab News”: Тошкентда бутун ислом олами учун қадрли бўлган улкан иншоот очилди

Март 19, 2026. 14:11 • 2 дақ

52
“Arab News”: Тошкентда бутун ислом олами учун қадрли бўлган улкан иншоот очилди

АР-РИЁЗ, 19 март. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонининг нуфузли “Arab News” нашрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон Президенти томонидан БМТда илгари сурилган ва кенг халқаро қўллаб-қувватлаш билан амалга оширилган ушбу мега-лойиҳа – Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросими бўлиб ўтган. Ушбу тадбирда Ўзбекистон етакчиси ҳам иштирок этган.

Маросимда қатнашган халқаро экспертлар ушбу мажмуа илмий, маънавий ва таълимий тараққиёт рамзи сифатида, ислом меросини ўрганиш ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш учун муҳим халқаро платформа сифатида эътироф этган.

Очилиш маросимида ифторлик дастурхони ёзилди. Унда жамоат вакиллари, диний етакчилар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар қатнашди.

Шунингдек ўқинг

Ушбу мажмуа Тошкентнинг машҳур Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги 10 гектар майдонда барпо этилган. Бино уч қаватдан иборат бўлиб, узунлиги 161 метр, эни 118 метрни ташкил этади. Гумбазининг баландлиги 65 метр, умумий фойдаланиш ҳудуди эса 42 минг квадрат метрдан зиёд.

Марказ қадимий ва миллий меъморчилик анъаналари асосида қурилган бўлиб, унга тўрт томондан – тўрт асосий портал орқали кириш мумкин. Ушбу порталлар ва бинонинг ташқи равоқлари илм-маърифат, бағрикенглик, инсонийлик ва ота-онага ҳурмат мазмунидаги Қуръон оятлари ҳамда ҳадислар билан безатилган.

Мақолада халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, марказда Саудия Арабистони томонидан ҳадя қилинган муқаддас Каъба кисвасининг эшик қисми (бурқа) бўлаги жойлаштирилган. Бу икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш рамзи сифатида баҳоланган.

Нашрда қайд этилишича, Ислом цивилизацияси маркази очилиши Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини сақлаш ва тарғиб қилиш, минтақанинг муҳим маънавий-маърифий масканлардан бири сифатидаги ролини янада юксалтиради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш