Ўзбекистон Президенти АҚШ Президентини мамлакат мустақиллигининг 250 йиллиги билан табриклади
Июль 04, 2026. 18:50 • 2 дақ
• 62
ТОШКЕНТ, 4 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трампга миллий байрам – Мустақиллик куни ҳамда мамлакат мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан табрик йўллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири давлатимиз раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадовнинг telegram-каналига таяниб.
“Сизга ҳамда дўст Америка халқига кўп миллатли Ўзбекистон халқи номидан энг самимий табриклар ва эзгу тилакларни йўллашдан ғоят мамнунман.
Сизнинг дадил ва шижоатли раҳбарлигингиз остида АҚШ иқтисодий қудрати ва таъсирини янада ошириб, глобал тараққиёт ҳамда хавфсизликни таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда, барча давлатлар билан амалий ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланмоқда”, – дейилади мактубда.
Президентимиз бундай ижобий жараёнлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратаётгани, ўзаро ҳурмат, ишонч ва муштарак манфаатларга асосланган муносабатлар янги мазмун билан бойиб бораётганини таъкидлади.
Мактубда ўзаро савдо ҳажмини ошириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, муҳим минерал ресурслар ва инновацион кооперация соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишлари ҳисобланиши қайд этилди.
Шунингдек, хавфсизлик соҳасидаги мулоқот ва амалий шерикликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирилди. Ноқонуний миграция, терроризм, экстремизм, трансмиллий жиноятчилик, наркотик воситалар ноқонуний айланиши ва бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашишда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кенгайтириш долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари минтақавий ва глобал форматлар, аввало, “С5+1” платформаси, БМТ ҳамда бошқа халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорлик Президент Дональд Трампнинг фаол қўллаб-қувватлаши билан сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.
Шу ўринда Президентимиз жорий йил декабрь ойида Майями шаҳрида бўлиб ўтадиган “Катта йигирмалик” саммити доирасидаги учрашувни катта қизиқиш билан кутаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси