«Mundo Ruso Hablante»: Ўзбекистон–Грузия туризм ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда
Июль 06, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 32
МАДРИД, 6 июль. /“Дунё” АА/. Испаниянинг “Mundo Ruso Hablante” нашрида “Туризм – иқтисодий ривожланиш кўприги: Ўзбекистон–Грузия муносабатларининг янги босқичи” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада сайёҳлик инфратузилмасини модернизация қилиш, янги туристик марказлар барпо этиш ҳамда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мақолада туризм соҳасидаги юқори ўсиш суръатларини тасдиқловчи статистик маълумотлар келтирилган. Хусусан, 2025 йилда Ўзбекистонга 11,7 миллион нафар хорижий турист ташриф буюрган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки беш ойида чет эллик сайёҳлар сони 5,35 миллион нафардан ошди.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27,3 фоизга кўпдир. Бундан ташқари, БМТ Туризм (UN Tourism) маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон халқаро туризм ўсиш суръатлари бўйича дунёдаги етакчи беш мамлакат қаторидан жой олди.
Материалда туризм соҳасидаги Ўзбекистон–Грузия ҳамкорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Икки мамлакат ўртасидаги алоқалар кўп йиллик шартномавий-ҳуқуқий базага асосланган. Шу билан бирга, мазкур йўналиш қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашиш, халқаро туристик форум ва кўргазмаларда иштирок этиш, шунингдек, икки давлат ўртасида транспорт қатновини кенгайтириш ҳисобига изчил ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Грузия Миллий туризм администрацияси ўртасидаги 2024–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Ушбу ҳужжат шерикликни янада мустаҳкамлаш, икки мамлакатнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш ҳамда қўшма ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган.
Муаллифнинг таъкидлашича, икки давлат ўртасида ўзаро сайёҳлар оқими тобора ортиб бормоқда. Агар 2019 йилда Ўзбекистонга 2 минг 916 нафар Грузия фуқароси ташриф буюрган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 6 минг 792 нафарга етди. 2026 йилнинг дастлабки беш ойида эса Грузиядан келган сайёҳлар сони 3 минг 328 нафарни ташкил этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси