Ўзбекистон Президенти Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган ОҲИЧК саммитида иштирок этади
Октябрь 13, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 28
ТОШКЕНТ, 13 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 14-15 октябрь кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон етакчиси Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммитида иштирок этади.
Озарбайжон раислигида ўтказиладиган форум кун тартибидан Осиё қитъасида ишонч, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда Кенгашнинг институционал ривожланишини янада такомиллаштиришга оид долзарб масалалар ўрин олган.
Транспорт боғлиқлигини ривожлантириш, рақамлаштириш, барқарор иқтисодий ўсиш ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилади.
Иштирокчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашадилар.
Тадбир якунлари бўйича Боку декларацияси ҳамда Ташкилотнинг роли ва самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар тўпламини қабул қилиш режалаштирилган.
Саммит доирасида Президент Шавкат Мирзиёев хорижий делегациялар раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Таъкидлаш жоиз, ОҲИЧК Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган халқаро форум ҳисобланади. Ҳозирги вақтда Кенгаш қитъа ҳудуди ва аҳолисининг қарийб 90 фоизини ташкил этувчи 28 та давлатни бирлаштирган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси