“Al Khabar Al Youm”: Ўзбекистон “MiningMetals Uzbekistan 2026” халқаро кўргазмасига 16 та давлатдан мутахассисларни жалб қилмоқда
Октябрь 13, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 122
ҚОҲИРА, 13 октябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 27–29 октябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “MiningMetals Uzbekistan 2026” 20- Халқаро “Тоғ-кон иши, металлургия ва металлга ишлов бериш” кўргазмаси бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мисрнинг нуфузли “Al Khabar Al Youm” нашрида таъкидланишича, нуфузли тадбир “Iteca Exhibitions International Company” томонидан “ICA Eurasia Group” гуруҳи билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Бу йил ўзининг йигирма йиллик юбилейини нишонлаётган мазкур кўргазма республикамизда тоғ-кон ва металлургия тармоғининг етакчи платформаси ҳисобланади. Анжуман доимо энг сўнгги ечимлар ва инновацияларни намойиш этиш, шериклик алоқаларини ривожлантириш ҳамда замонавий технологияларни ўрганиш учун қулай шароит яратиб келган.
Бугунги кунга қадар 16 та давлатдан 150 дан ортиқ экспонент ўз иштирокини тасдиқлади. Улар қаторига Австралия, Беларусь, Германия, Эрон, Испания, Қозоғистон, Канада, Хитой, Корея Республикаси, Қирғизистон, Россия, Сербия, Туркия, Ўзбекистон, Финляндия ва Эстония давлатлари кирди.
Ташриф буюрувчилар тоғ-кон машиналари ва фойдали қазилмаларни бойитиш ускуналари, металлга ишлов бериш жиҳозлари, минерал хомашёни ташиш ва қайта ишлаш ечимлари, рақамлаштириш, автоматлаштириш ҳамда саноат хавфсизлиги технологиялари билан яқиндан танишишлари мумкин бўлади.
Кўргазмада Германия миллий стенди ҳамда Хитой ва Туркия ишлаб чиқарувчиларининг кенг кўламли экспозициялари ҳам ташкил этилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан ташкил этилган миллий стенд мамлакатимизнинг етакчи корхоналари – Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, “Ўзметкомбинат” АЖ, Ўзбекистон металлургия технологиялари мажмуаси ва “Навоийуран” компаниясини бир жойга жамлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси