Россия ОАВ: Ўзбекистон ЮНЕСКО минбаридан Мовароуннаҳрнинг илмий-маънавий меросини дунёга танитмоқда
Октябрь 13, 2026. 18:30 • 3 дақ
• 65
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 13 октябрь. /“Дунё” АА/. Россиянинг қатор онлайн нашрларида ЮНЕСКОнинг Париждаги Бош қароргоҳида “Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари” мавзусида бўлиб ўтган халқаро конференцияга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, “News of Russia” нашридаги мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг бой илмий ва маънавий меросини халқаро миқёсда ўрганиш, асраш ва кенг тарғиб этиш борасидаги ташаббусларини изчил давом эттирмоқда.
Париж шаҳридаги ЮНЕСКО штаб-квартирасида бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференция ушбу йўналишдаги муҳим тадбирлардан бири бўлди.
Анжуманда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) раиси Фирдавс Абдуҳолиқов Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган халқаро дастурларни тақдим этди.
Дастурларда Мовароуннаҳр алломаларининг илмий-маънавий меросини жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш, тарихий манбаларни рақамлаштириш ва замонавий технологиялар ёрдамида уларни ўрганиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилган.
“Russia News” нашрида ҳам мазкур халқаро конференция ҳақида материал эълон қилинди. Муаллифнинг таъкидлашича Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар 2025 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурилган ғоялар билан ҳамоҳангдир.
Билдирилган ташаббуслар Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий меросини халқаро миқёсда тадқиқ этиш ҳамда мамлакатлар ва илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Нашрда ёзилишича, Мовароуннаҳр асрлар давомида илм-фан, фалсафа, ислом тафаккури ва маърифатнинг йирик марказларидан бири бўлган. Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий ва Имом ал-Мотуридий каби буюк алломаларнинг асарлари бугун ҳам диний билимлар, ахлоқ, таълим тарихи ва маданиятлараро мулоқотни ўрганишда муҳим манба ҳисобланади.
Бу жараёнда Россия билан илмий алоқалар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Икки мамлакат олимлари ўртасидаги кўп йиллик академик ҳамкорлик, Россия кутубхоналари ва архивларида сақланаётган Шарқ қўлёзмалари Марказий Осиё тарихини чуқур ўрганиш учун муҳим имконият яратади.
Париждаги конференция Марказий Осиё меросини халқаро илмий маконга олиб чиқиш, турли мамлакатлар олимлари ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисми ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси