Ўзбекистон Президенти: Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт, янги тарих, янги келажак яратайлик!
Март 21, 2026. 14:56 • 4 дақ
• 152
ТОШКЕНТ, 21 март. /“Дунё” АА/. Бугун “Янги Ўзбекистон” боғида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, бутун халқимизни қутлади.
Давлатимиз раҳбари ўз табригида бу йилги Наврўз айёми муборак Рамазон ҳайити билан бир паллада нишонланаётганини алоҳида таъкидлаб, табиат уйғониши ва руҳий покланиш рамзи бўлган ушбу қутлуғ кунлар барча юртдошларимиз учун эзгулик, бирдамлик ва хайр-барака байрами эканини қайд этди. Шунингдек, дунёнинг олис ва яқин мамлакатларида меҳнат қилаётган, таҳсил олаётган ватандошларимизга самимий салом ва тилаклар йўлланди.
Президентимиз миллати, тили ва динидан қатъий назар, ҳар бир юртдошимизни рози қилиш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги ишлар янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади. Бу йил байрам “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган ғоя асосида ўтаётгани ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси экани қайд этилди.
Маросимда барча ҳудудларга, қишлоқ ва овуллар, маҳаллаларга янги Ўзбекистон нафасини олиб кириш бўйича катта ҳаракат бошлангани таъкидланди. Янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш борасида улкан қадамлар қўйилаётгани, юртимизда замонавий корхоналар, коммуникация тармоқлари, шинам уй-жойлар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт объектлари барпо этилаётгани қайд этилди. Келгусида бундай бунёдкорлик ишлари кўлами янада кенгайиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари ушбу файзли тонгда миришкор деҳқон ва фермерларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром билдирди. Уларнинг халқимиз дастурхонини тўкин ва фаровон қилишдек шарафли меҳнати эътироф этилиб, бу борада давлат ва жамият томонидан доимий қўллаб-қувватлаш давом эттирилиши айтилди.
Президентимиз янги Ўзбекистон мамлакатимиз ёшлари учун юксак парвозлар ва катта ғалабалар майдонига айланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Бугун таълим, илм-фан, маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялари ва бизнес соҳаларида янги номлар, янги қаҳрамонлар пайдо бўлаётгани, ана шундай билимли, жўшқин ҳамда изланувчан ўғил-қизлар билан бутун халқимиз ҳақли равишда фахрланиши қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари ёшларга мурожаат қилиб, уларга Учинчи Ренессанс бунёдкорлари бўлишдек юксак шараф насиб этаётганини таъкидлади. Уларни бугунги тинч ва осойишта ҳаётнинг, кенг имкониятлар, ота-она ва устоз-мураббийлар меҳнатининг қадрига етиб, тинимсиз ўқиб-ўрганиш, билим ва маҳоратни доимий ошириб боришга чақирди. Шу йўлда мамлакатимиз ёшлари учун барча зарур шароитларни яратиб беришга тайёрлик билдирилди.
Маросимда маҳалла тизимининг жамият ҳаётидаги ўрнига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да катта дастур ва режалар амалга оширилаётгани, бу ишларга оила ва жамиятда тинчлик-тотувликни, меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, ижтимоий муаммоларни жойида ҳал этиш, эзгулик ва адолатни қарор топтиришда отахон ва онахонлар, “маҳалла еттилиги” ва фаол фуқаролар яқиндан иштирок этишларига ишонч билдирилди.
Шу муносабат билан Президентимиз эртага нишонланадиган Маҳалла тизими ходимлари куни билан жонкуяр маҳалла раислари ва фаолларини, барча юртдошларимизни самимий табриклаб, уларга янги муваффақиятлар тилади.
Таъкидланганидек, минг йиллар давомида халқлар ўртасида маънавий кўприк бўлиб келаётган Наврўзнинг тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик ғоялари бугунги нотинч замонда янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Юртимизда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ушбу байрамни бир бўлиб, шоду хуррамлик билан нишонламоқда. Ана шундай аҳиллик ва тотувлик янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этишнинг энг ишончли кафолати экани таъкидланди.
Жамиятимизда миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликни бундан буён ҳам мустаҳкамлаш учун бор куч ва имкониятлар сафарбар этилиши қайд этилди. Шунингдек, қўшни ва қардош мамлакатлар билан бирга ягона Марказий Осиё овози бўлиб, минтақамизнинг тинчлик, биродарлик ва ҳамкорлик макони сифатидаги нуфузини оширишга устувор аҳамият қаратилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари тадбирда иштирок этаётган хорижий давлатлар элчилари, халқаро ташкилотлар вакилларини ҳам Халқаро Наврўз куни билан самимий қутлаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига эзгу тилакларини йўллади.
Президентимиз бутун халқимизга яна бир бор мурожаат қилиб, шундай деди:
“Азалий анъаналаримизни давом эттириб, кўчат экиб, боғ яратайлик, уйимиз, маҳалламизни обод қилиб, ҳаётимизни янада гўзал ва фаровон этайлик!
Яхши қўшничилик, аҳиллигимиз ва эзгу ишларимиз билан юксак марраларга интилаётган халқ эканимизни дунёга намоён этайлик!
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт, янги тарих, янги келажак яратайлик!”.
Байрам катта концерт дастури билан давом этди. Фольклор-этнографик жамоалар ҳамда санъаткорларнинг чиқишлари, миллий ўйин ва аскиялар барчага завқ-шавқ улашди.
Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, парламент ва ҳукумат аъзолари, турли ҳудудлардан меҳмонлар, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси