Исломободда Ўзбекистон ва Покистон Президентларининг музокаралари бўлиб ўтди
Февраль 06, 2026. 14:40 • 2 дақ
• 76
ТОШКЕНТ, 6 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Исломобод шаҳрига давлат ташрифи доирасида “Айвони Садр” қароргоҳида бугун Покистон Президенти Асиф Али Зардорий билан тор доирада ва делегациялар иштирокида учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, дўстлик ҳамда стратегик шерикликни мустаҳкамлашнинг жорий ҳолати ва долзарб йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида Асиф Али Зардорий давлатимиз раҳбарини Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши муваффақиятли бўлгани муносабати билан табриклади ҳамда ушбу давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришга янги суръат бағишлайдиган тарихий аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Янги Ўзбекистонни 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар юқори баҳоланди.
Турли даражалардаги фаол алоқалар мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони барқарор ўсиб бормоқда. Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Исломободдаги саммитга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва сиёсий маслаҳатлашувлар самарали ўтказилди.
Амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини ривожлантириш ҳамда ишбилармонлик алмашинувларини фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича қўшма чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудлараро форумнинг биринчи йиғилишини шу йил Хивада ўтказишга келишиб олинди.
Халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. Томонлар долзарб минтақавий ва халқаро кун тартиби бўйича позицияси ўхшашлиги ҳамда бир-бирларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришларини яна бир бор тасдиқладилар.
Маданий ва гуманитар алмашинувларни янада кенгайтириш ҳамда таълим, экология, спорт ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суришга ўзаро интилиш қатъий экани қайд этилди.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Асиф Али Зардорийни Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
