Италия Марказий Осиёни стратегик барқарор марказ сифатида кўрмоқда
Апрель 05, 2026. 16:10 • 2 дақ
• 79
РИМ, 5 апрель. /“Дунё” АА/. Италия халқаро ташкилотлар ҳамжамияти (SIOI) ташаббуси билан Марказий Осиё минтақасининг геосиёсий ва иқтисодий салоҳияти таҳлилига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Рим шаҳрида ташкил этилган тадбирда Марказий Осиё давлатларининг Италиядаги элчилари, SIOI экспертлари ҳамда етакчи таҳлил доиралар вакиллари иштирок этди.
Мулоқот чоғида глобал беқарорлик фонида Европа Иттифоқи, хусусан, Италия учун Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари стратегик барқарорлик маркази ҳамда ишончли ҳамкорлар сифатида намоён бўлаётгани алоҳида таъкидланди.
Тадбирнинг муҳим воқеаси SIOI катта таҳлилчиси Андреа Коппола таҳрири остида нашр этилган “Марказий Осиё – Минтақанинг қайта кашф этилиши – Италия ва Европа Иттифоқи учун имкониятлар” номли жамоавий монографиянинг тақдимоти бўлди. Ушбу китоб минтақанинг ёпиқ ҳудуддан жаҳон сиёсати, энергетикаси ва логистикасининг асосий тугунига (“Heartland”) айланиб бориш жараёнларини илмий жиҳатдан асослаб беради.
Монографияга сўзбоши ёзган Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари Эдмондо Чириелли минтақанинг стратегик аҳамиятига тўхталиб, Италия ва Марказий Осиё алоқалари Марко Поло давридан бошланган “тарихий ДНК” асосида қайта тикланаётганини қайд этди. Экспертларнинг фикрича, минтақадаги ижодий ўзгаришлар жараёнида Италия ва Европа капиталининг роли тобора ортиб бормоқда.
Италия халқаро ташкилотлар ҳамжамияти (SIOI) 1944 йилда ташкил этилган бўлиб, Италиянинг халқаро муносабатлар соҳасидаги энг нуфузли тадқиқот институтларидан бири ҳисобланади. Ташкилот Италия ТИВ, хорижий элчихоналар ва илмий марказлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, дипломатлар ва халқаро менежерлар учун юқори малака ошириш курсларини ташкил этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси