Logo

Алданган зиёратчилар: Ўзбекистон дипломатлари Маккадаги мураккаб вазиятни ўрганди

Апрель 05, 2026. 14:10 • 3 дақ

173
Алданган зиёратчилар: Ўзбекистон дипломатлари Маккадаги мураккаб вазиятни ўрганди

МАККА, 5 апрель. /“Дунё” АА/. Бош консулхона дипломатлари айрим жисмоний шахслар орқали умра зиёратига келиб, қийин аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларининг муаммоларини жойида ўрганиш ҳамда улар билан суҳбатлашиш мақсадида Макка шаҳрида жойлашган “Kanari” ва “Al-Ayam Elite” меҳмонхоналарига ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Дипломатларнинг маълум қилишича, айни пайтда ушбу меҳмонхоналарда жами 170 нафардан ортиқ зиёратчи Ватанга қайтишни кутиб турибди.

Зиёратчиларнинг айтишича, улар 14 кунлик умра сафари доирасида турли гуруҳлар таркибида Саудия Арабистонига келган. Бироқ, сафарни ташкил этган шахсларнинг ёлғон маълумотлари ва хатолари оқибатида улар ҳозирга қадар Ватанга қайта олмаган.

Суҳбат давомида зиёратчилар ўзларининг оғир аҳволи ҳақида сўзлаб, гуруҳнинг катта қисми кекса ёшдаги инсонлардан иборат эканини таъкидлади. Улар орасида инфарктни бошидан ўтказган, қандли диабет, қон босими каби сурункали касалликларга чалинган ва доимий равишда дори-дармон истеъмол қиладиган шахслар борлиги ҳам қайд этилди. Зиёратчилар Ватанга қайтиш масаласида Ўзбекистон ҳукуматидан амалий ёрдам сўради.

Ваколатхона вакиллари сўнгги йилларда умра зиёратини ташкил этиш учун тегишли рухсатномага эга бўлмаган айрим “туристик фирмалар” ва “жисмоний шахслар” томонидан тартибсиз сафарлар ташкил этилаётгани ҳақида фикр билдирган. Бундай ҳолатлар кўплаб ватандошларнинг Мадина ва Жидда шаҳарларида ҳам турли мушкул вазиятларга тушиб қолишига сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан берилган лицензия асосида 14 та туристик фирма умра зиёратини расмий равишда ташкил этаётгани, бу ҳақда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мунтазам ахборот бериб борилаётгани айтилди. Шунга қарамасдан, айрим фуқаролар ноқонуний ташкилотчиларнинг ёлғон рекламаларига алданиб қолаётгани афсус билан таъкидланди.

Зиёратчиларга улар рухсатномасиз ташкил этилган сафар доирасида келган бўлса-да, Ватанга қайтиш бўйича мурожаатлари Бош консулхона томонидан белгиланган тартибда тегишли идораларга етказилиши маълум қилинди. Шу билан бирга, мазкур мурожаатларни кўриб чиқиш маълум вақт талаб қилиши инобатга олиниб, вазият янада оғирлашиб кетмаслиги учун имкониятдан келиб чиққан ҳолда ўз ҳисобларидан авиачипта харид қилиб, Ўзбекистонга қайтиш тавсия этилди.

Шунингдек, зиёратчиларни қийин аҳволга солган шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Ўзбекистонга қайтгандан сўнг тегишли идораларга мурожаат қилиш мумкинлиги тушунтирилди.

Ҳозирги кунда ушбу ҳолат Бош консулхона томонидан доимий назоратга олинган бўлиб, вазият юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш