Logo

Ўзбекистон ва Покистон касб-ҳунар таълими бўйича ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

Апрель 05, 2026. 14:30 • 2 дақ

141
Ўзбекистон ва Покистон касб-ҳунар таълими бўйича ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

ИСЛОМОБОД, 3 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Касбий ва техник тайёргарлик бўйича миллий комиссияси (National Vocational and Technical Training Commission) ижрочи директори Муҳаммад Амир Жан билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, икки мамлакат касб-ҳунар техникумлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, ўқитувчилар малакасини ошириш курсларини ташкил этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Элчи Алишер Тўхтаев юртимизда касбий таълим тизимини марказлаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларини алоҳида таъкидлади. Жумладан, 2025 йилда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузурида Касбий таълим агентлиги ташкил этилгани ҳам қайд этилди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, мамлакатимизда техникум ва коллежларни ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим сифатини ошириш ва ўқув жараёнига илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида урғу билан таъкидланди.

Ўз навбатида, Муҳаммад Амир Жан раҳбарлик қилаётган ташкилот фаолияти ҳақида маълумот бериб, бугунги кунда Покистон аҳолисининг қарийб 64 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этишини қайд этди. Унинг айтишича, комиссия тизимидаги давлат ва хусусий касбий-таълим муассасаларини ҳар йили 430 мингдан ортиқ ёшлар тамомламоқда. Мазкур муассасаларда турли йўналишлар бўйича 3 ойдан 3 йилгача давом этадиган ўқув курслари йўлга қўйилган.

Учрашув якунида томонлар икки мамлакат касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар ва қатор истиқболли таклифлар қўллаб-қувватланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш