Россияда ўзбекистонлик ишчиларнинг 2 миллион рублдан ортиқ иш ҳақи ундириб берилди
Апрель 05, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 128
ТОБОЛЬСК, 5 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари Тюмень вилоятининг Тобольск шаҳрида бўлиб, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ҳамюртларимиз билан учрашувлар ўтказдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хизмат сафари давомида “ИЖПРОСЕРВИС” ЯТТ ва “САДКОМ” МЧЖда ишлаётган 100 дан ортиқ фуқаролар билан сайёр қабул ташкил этилди. Мулоқот чоғида дипломатлар консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб, паспорт расмийлаштириш ва миграция қонунчилигига риоя қилиш бўйича тушунтиришлар бердилар. Шунингдек, ҳамюртларимизга турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик, огоҳ бўлиш ва ҳарбий компаниялар сафига ёлланиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида алоҳида уқтирилди.
Ватандшларимизнинг мурожаатлари асосида ўтказилган ўрганишлар натижасида “САДКОМ” МЧЖ томонидан 26 нафар ҳамюртларимизнинг февраль ва март ойлари учун иш ҳақи асоссиз равишда ушлаб қолингани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан объектнинг бош пудратчиси “СИБУР” МЧЖ раҳбарияти ва бевосита иш берувчилар иштирокида музокаралар ўтказилди. Мулоқот якунида иш берувчилар иш ҳақи тўланмаганини тан олиб, мавжуд қарздорликни бартараф этишга келишилди.
Музокаралар натижасида 26 нафар ўзбекистонлик ишчининг жами 2 миллион рубль миқдоридаги маоши ҳисобланиб, яқин кунларда уларнинг банк ҳисоб рақамларига ўтказиб берилиши таъминланди. Бундан ташқари, аввалроқ мазкур ташкилотдан иш ҳақини ололмай кетган яна 80 нафарга яқин фуқаронинг қарздорликлари ҳам яқин ҳафта ичида тўлаб берилиши бўйича қатъий келишувга эришилди.
Бош консулхона ва Миграция агентлиги вакиллари фуқароларнинг яшаш ва иш шароитларини кўздан кечириб, иш берувчилар билан келгусида бу каби муаммолар такрорланмаслиги бўйича тушунтириш ишларини олиб бордилар. Таъкидланганидек, Ўзбекистон ҳукумати хориждаги ўз фуқароларининг манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳалол меҳнати учун муносиб ҳақ олишини таъминлашни устувор вазифа деб билади.
Бу каби сайёр тадбирлар ва тезкор чоралар Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларнинг ижтимоий масалаларини жойида ҳал этиш имконини бермоқда. Навбатдаги тўловларнинг амалга оширилиши Бош консулхонанинг доимий назоратида қолмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси