Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессиясининг Етакчилар саммитидаги нутқи

Май 18, 2026. 17:02 • 5 дақ

62
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессиясининг Етакчилар саммитидаги нутқи

(2026 йил 18 май, Боку ш.)


Ҳурматли Илҳом Ҳайдарович!

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Хонимлар ва жаноблар!

Барчангизни Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессиясида, глобал тараққиётнинг энг долзарб масалалари муҳокама қилинаётган нуфузли мулоқот майдонида кўриб турганимдан беҳад мамнунман.

Бугунги анжуман “Каспий дурдонаси” бўлмиш гўзал Бокуда юқори даражада ташкил этилгани ва бизга кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик учун Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Ҳайдарович Алиевга чуқур миннатдорлик билдираман.

Бутун Озарбайжон диёрида, айниқса, Қорабоғ заминида улкан бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда. Озод қилинган ҳудудларда қисқа муддатларда бутун бошли шаҳарлар қайта тикланиб, янги турар жой мажмуалари, замонавий инфратузилма объектлари барпо этиляпти.

Фурсатдан фойдаланиб, ана шундай олижаноб ишларга муносиб ҳисса қўшишга Ўзбекистон доим тайёр эканини таъкидламоқчиман.


Ҳурматли форум иштирокчилари!

Кун тартибига қўйилган “Барча учун уй-жой: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда ҳамжамиятлар” масаласи бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Таҳлилларга кўра, XXI аср ўрталарига бориб, сайёрамиз аҳолисининг қарийб 70 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади.

Айни пайтда урбанизация жараёни ўзи билан бирга қатор ижтимоий муаммоларни ҳам кучайтириб бормоқда.

Бугун дунёда қарийб 3 миллиард инсон бирламчи яшаш шароитларидан маҳрум. Уларнинг бир миллиарддан зиёди норасмий турар жойлар ва харобаларда кун кечирмоқда, 300 миллиондан ортиқ одам эса умуман бошпанага эга эмас. Иқлим ўзгаришлари, таҳликали халқаро вазият ва иқтисодий инқирозлар глобал миграциянинг янги тўлқинларини пайдо қилиб, давлатлар ва шаҳарлар ўртасида аҳолининг қайта тақсимланишига олиб келмоқда. Оддий қилиб айтганда, урбанизация жараёнлари глобал барқарорлик ва хавфсизликка тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи жиддий омилга айланмоқда.

Буларнинг барчаси ҳаммамиздан қатъий ва кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўришни талаб қилмоқда.


Азиз дўстлар!

Шаҳарларни барқарор ривожлантириш масаласи Янги Ўзбекистон учун ҳам стратегик аҳамиятга эга. Яқин 15 йил ичида мамлакатимиз аҳолиси 38 миллиондан 50 миллион нафарга, урбанизация даражаси эса 51 фоиздан 65 фоизга етиши кутилмоқда. Биз буни ҳудудларимизни мутаносиб ривожлантириш ва иқтисодий ўсишни таъминлаш учун ноёб имконият деб ҳисоблаймиз.

Шу мақсадда Ўзбекистонда охирги ўн йилда қурилаётган уй-жойларнинг йиллик сони 10 баробар ошиб, 2025 йилда 238 мингта хонадонга етди, 2030 йилда ушбу рақамни яна 1,5 баробар оширамиз; аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш дастурларига ҳар йили бюджетдан қарийб 2 миллиард доллар маблағ ажратилмоқда; норасмий турар жойлар муаммосини ҳал қилиш учун 2024 йилда алоҳида қонун қабул қилиниб, 100 мингга яқин уйга ҳужжат расмийлаштириб берилди; эскирган уй-жойларни янгилаш мақсадида реновация ҳисобига қуриладиган хонадонлар улушини 15 фоиздан 60 фоизга етказиш режа қилиб олинди.

Ушбу жараёнларни самарали бошқариш мақсадида Урбанизация миллий қўмитаси ташкил этилди.

Бундан ташқари, “Яшил макон”, “Тоза ҳаво” дастурлари доирасида шаҳарларда яшиллик даражасини 2030 йилгача 30 фоизга етказиш маррасини олганмиз.

Шаҳарларни ободонлаштириш ва аҳоли турмуш тарзини яхшилашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши бўйича анъанавий тузилма – маҳалла институтига кенг таянамиз.


Шунингдек ўқинг

Хонимлар ва жаноблар!

Икки миллион аҳолига мўлжалланган “Янги Тошкент” мегалойиҳаси биз амалга ошираётган урбанизация стратегиясининг яққол намунасидир. Ушбу лойиҳада замонавий шаҳарсозликнинг энг илғор ечимлари – “яшил”, “ақлли”, “хавфсиз”, “15 дақиқали” шаҳар тамойиллари тўлиқ ҳисобга олинган.

Биринчи босқичнинг ўзида бу ерда қиймати 25 миллиард доллардан ортиқ инвестиция лойиҳаларини бошладик.

Лойиҳа концепцияси тақдимоти форум доирасида ташкил этилган “Urban Expo” кўргазмасида намойиш этилмоқда.

Энг муҳими, бу каби лойиҳалар нафақат пойтахтда, балки “Янги Ўзбекистон” массивлари номи остида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилмоқда. Ҳозиргача 61 та ана шундай массив бунёд этилди, 2030 йилга бориб эса уларнинг сони 100 тага етади.

Шу ўринда урбанизация ва шаҳарсозлик соҳасидаги ишларимизда бизга яқин кўмакдош бўлиб келаётган БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури ижрочи директори Анаклаудия Россбах хонимга ҳамда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа етакчи молия институтларига ўз ташаккуримни изҳор этаман.

 

Ҳурматли форум иштирокчилари!

Бугун муҳокама қилинаётган масалалар юзасидан бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурмоқчиман.

Биринчидан, барча ҳудудларда аҳоли учун тенг яшаш шароитларини яратиш кичик ва ўрта шаҳарларни уйғун ривожлантиришни талаб қилмоқда.

Шу сабабли ҳамкор давлатларни шаҳарларни ривожлантиришда “мутаносиб урбанизация” тамойилини кенг жорий этишга чақираман.

Иккинчидан, шаҳар бошқарувида сунъий интеллект ва рақамли трансформация имкониятларидан барча давлатлар тенг фойдалана олиши зарур.

Ушбу соҳада технология, стандартлар ва тажрибаларни тизимли алмашишга қаратилган халқаро “Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси”ни тузишни таклиф қиламан.

Учинчидан, ёшлар ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини сифатли ҳамда арзон уй-жойлар билан таъминлаш жуда муҳим.

Шу мақсадда келгуси йилда Самарқанд шаҳрида уй-жой қурилишига молия ва инвестицияларни жалб этишдаги янгича ёндашувлар юзасидан халқаро форум ўтказишга тайёрмиз.

Тўртинчидан, глобал иқлим ўзгаришларини инобатга олган ҳолда “яшил шаҳарлар”ни барпо этишнинг умумий тамойиллари ва стандартларини қабул қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шаҳарларнинг табиат билан уйғун ривожланишини рағбатлантириш мақсадида БМТ-Ҳабитатнинг “Яшил шаҳар” халқаро мукофотини таъсис этишни таклиф қиламан.

Бешинчидан, урбанизация даражасининг ўсиши шаҳарлардаги ўзини ўзи бошқаришнинг анъанавий тузилмалари ролини янада оширмоқда.

Шу муносабат билан Бутунжаҳон урбанизация форумининг 15-сессиясини 2030 йилда Янги Тошкент шаҳрида ўтказишни ва унинг бош мавзусини “Шаҳарларнинг барқарор ривожланишида маҳалла институтининг ўрни” деб номлашни таклиф этаман.


Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Бугунги тадбир ўзаро манфаатли ва истиқболли масалалар юзасидан биргаликда ечимлар топишга, янги ташаббусларга йўл очиш ва соҳа ривожига салмоқли ҳисса қўшишига ишонаман.

Сўзимнинг якунида форум ишига улкан муваффақиятлар тилайман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш