Британиянинг янги савдо комиссари Ўзбекистонга илк ташрифини амалга оширди
Май 18, 2026. 17:25 • 2 дақ
• 328
ЛОНДОН, 18 май. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича янги тайинланган савдо комиссари Дэвид Рид Ўзбекистонга илк ташрифини амалга оширди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида у Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров билан учрашди. Учрашувда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев ҳамда транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ҳам иштирок этди.
Суҳбат жараёнида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳамда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Мулоқот чоғида хусусийлаштириш жараёнлари ва халқаро капитал бозорларига киришни кенгайтириш, яшил инклюзив ривожланиш жамғармаси (GIG Fund) доирасида ҳамкорлик, кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, венчур капитал бозори фаолиятини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, хусусий сектор фаолиятини кенгайтириш, инновацион стартап лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда логистика ва транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Британия томони мазкур инфратузилма лойиҳалари иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, логистика самарадорлигини ошириш ва ҳудудлараро интеграцияни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни ривожлантириш, устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш ва конструктив мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси